Суперлига жамоалари сонининг оширилиши нима беради? Бу чиндан ҳам терма жамоага фойдами? Сон керакми ёки сифат?
Бир неча кундан бери Суперлига жамоалари сонининг оширилиши борасида баҳс мунозалар кўпайди. Албатта, бу ПФЛдаги мажлисда кўтарилди ва ҳозиргача муҳокама қилинмоқда.
“Ҳар баҳор, шу бўлар такрор” деганларидек, чемпионат якунланишига яқин ёки бошланиш арафасида жамоалар сонини ошириш тарафдорлари кўпаяди. Бу асосан лигани тарк этган жамоалар томонидан илгари сурилади.
Ўзбекистон чемпионатида яқин йиллар ичида бундай интригага бой кураш кечмаганди. Лигани тарк этадиганлар, чемпионлик ва совриндорлар қаторига киришда кураш авжида. Турнир жадвали юқорисида доимий тарзда жамоалар алмашиб турди. Бу рақобат кучайганидан далолат. Қоларвеса, Суперлигада бемақсад жамоалар кўринмаяпти. Авваллари айрим клублар биринчи даврада очколарни йиғин олиб, иккинчи даврада шунчаки иштирок этганини кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Бу гал эса…
Жорий мавсум интрига пайдо бўлгани бор гап. Бу нафақат “Пахтакор”нинг кучсизлангани, шу билан бирга вилоят жамоаларининг темпни оширгани билан боғлиқ.
Ана энди бир ўйлаб кўринг: агар Суперлигада жамоалар сони оширилса, бу рақобат йўқолиб, яна мақсадсиз жамоалар ошиб кетмайдими? Ёки 14 жамоани 16 та қилиб, Про лигадаги кескинликни бузиб қўймаймизми? Мухлислар энди ўзбек футболига рақобат қайтгани ҳақида гапира бошлаганда, бир мавсумдаёқ уларни яна йўқотиб қўймаймизми?
Айрим мутахассислар чемпионат иштирокчилари оширилиши терма жамоага фойдалигини айтиб, футболчилар кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини важ қилиб кўрсатмоқда. Бироқ бу бизнинг терма жамоамизга ҳеч қачон наф келтирмаган. 16, 18, 20 та бўлганда ҳам Ўзбекистон на Осиё чемпиони бўлган, на жаҳон чемпионатига чиққан. Шунинг учун жамоалар сонини оширилиши ечим эмас. Иштирокчилар сонининг кўпайтирилиши ортида бошқа жиҳатлар борлиги ҳаммага аён. Қанча ўйин кўп бўлса, мукофот пуллари шунча кўп бўлади.
Чиндан чиндан ҳам терма жамоани ўйлаб ўйинлар сони оширилиши учун клублар қўшилиши шарт эмас. Бунинг учун форматда ўзгаришлар қилиш кифоя. Шунда сифат ҳам, сон ҳам бўлади. Яъни 4 даврали ўйинлар формати мақбул ечимдек. Бунда 14 жамоа бўлса ҳам. Икки даврадан сўнг турнир жадвали ўртасидан жамоалар юқори ва пастги еттиликка ажралади. Шунда кучлилар ўртасидаги беллашувлар янада кўпаяди. Қуйидаги клублар ҳам ўз савиясидаги рақиблар билан ўйинлар ўтказади.
Ушбу формат 12 жамоа бўлса янада яхши. Бу орқали нафақат интрига ортади, балки Про лига ҳозиргидан яна ўсади. Фақат Про лигадаги жамоалар сони 10 талигича қолади. Бу орқали ярим мавсумда лигани молиявий қийинчилик сабаб тарк этадиган жамоалар бўлмаслиги таъминланади.
Тўғри, айрим инсонлар турнир жадвалида кучлилар ва кучсизларга ажралганда айрим ҳудудлардаги мухлислар етакчи жамоаларни ўз стадионларида кўришга ҳақли эканлиги ҳақида фикр билдиришлари мумкин. Шундай бўлади, фақат биринчи ёки иккинчи даврада. Аслида мухлислар икки даврали форматда ҳам фақат бир марта барча жамоани ўз уйида қабул қилади. Бу орқали лигадаги клубларни кучлилар қаторига киришга ҳаракат қилади.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар
Плюс томониям бор осиеда квоталар
Ажратилишида чемпионатдаги жамоалар сонига каралади биз купрок
Квотага эга булишимиз мумкин чемпионов лигасида 4та урин берилиши мумкин