Суперлига жамоаларида трансферлар иши қандай кетмоқда?
Хабарингиз бор айни дамда Суперлига клублари давралар оралиғида ташкил этилган трансферлар ойнасидан унумли фойдаланган ҳолда ўз таркибларини кучайтиришмоқда ва шу билан бирга кераксиз футболчилар билан хайрлашишмоқда. Қуйида ҳозирча амалга оширилган баъзи трансферлар билан таништириб ўтамиз.
Игорь Таран “Қўқон-1912”дан кетди
Айни пайтда Тошкентда тайёргарлик кўраётган қўқонликлар сафида айрим ўзгаришлар юз бериши давом этмоқда. Бунгача ушбу клубни ҳужумчи Баҳодир Пардаев тарк этгани ҳақида маълумот бериб ўтгандик. Энди эса ушбу клубни яна бир ҳужумчи – Игорь Таран ҳам тарк этди. Пардаев сингари Таран ҳам “Қўқон-1912”нинг асосий таркибидан муқим жой эгаллай олмаётганди. Маълумки, Пардаев “Металлург”нинг йиғинида қатнашмоқда, Таранга ҳам бошқа жамоалардан таклифлар бор ва тез орада улардан бирини танлайди. Шу кунларда жамоага янги футболчилар қўшилади. Масалан, ҳужум чизиғига легионер ўйинчининг келиши ҳам кутилмоқда.
“Қизилқум”дан янги футболчилар
Ушбу жамоа сафида ҳам ўзгаришлар юз бермоқда. Яқинда хабар берганимиздек, “Қизилқум”га “Локомотив”дан Салим Мустафоев қўшилганди. Шундан кейин таркибга яна икки нафар ўйинчи келди. Бунгача “Андижон” жамоаси шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи Элдор Бойматов ва ҳужумчи Бекзод Ғанижонов навоийликларнинг машғулотларида қатнашишяпти. Аслида иккала ўйинчи ҳам “Қизилқум” учун бегона эмас ва бунгача ҳам ушбу жамоа сафида тўп суришган. Бош мураббий Ҳамиджон Актамов уларнинг имкониятини яхши билгани учун яна бир бор ўз жамоасига таклиф этди.
Игорь Голбан “Навбаҳор”да
Яқинда “Навбаҳор” черногориялик ҳужумчи Дарко Никач билан шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик. Ушбу ўйинчи наманганликлар сафини тарк этган Ненад Иняцнинг ўрнига таклиф қилинганини ҳам айтиш жоиз. Куни кеча наманганликлар навбатдаги харидни амалга оширишди. “Насаф” жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири бўлган россиялик ҳимоячи Игорь Голбан “Навбаҳор”дан тушган таклифни қабул қилди ва у билан ҳам шартнома имзоланди. Айтиш мумкинки, илгари ҳам у наманганликлар шарафини ҳимоя қилганди.
Шуҳратбек Жўраев таёрлади.
Фикрлар