Суперлига клуби ёзги трансферда 10 нафаргача янги футболчини мусобақага қўшиши мумкин
Суперлига регламентининг 11.4-бандида клуб ёзги трансфер ойнасида беш нафар футболчи ва бир нафар дарвозабонни мусобақа учун рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги қайд этилган.
Бугунга келиб Суперлига футбол клублари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 107-сонли қарори асосида молиялаштирилмоқда. Айни вақтда профессионал футбол клубларининг фаолият юритиш тартиби, бунда уларнинг маҳаллий, чет эллик футболчилари, ходимларига иш ҳақи ва бошқа тўловларни мутаносиб миқдорларда тўланишини кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шунингдек, Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг фаолият юритиш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқлангунига қадар Суперлига клуби билан меҳнат шартномаси имзолаган футболчиларнинг ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловларини тўлаб бериш масаласида қийинчиликлар кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси жорий йилнинг 20 февраль санасида ёпилганидан келиб чиқиб, бир қатор клублар ўзининг йиллик харажатлар сметаси тўла тасдиқланмай туриб, айрим юқори ҳақ олувчи футболчилар билан шартномалар имзолаган. Эндиликда, клублар ўз харажатларини оптималлаштириш мақсадида мавсум қайдномасига киритилган айрим футболчилар билан тузилган меҳнат шартномаларини муддатидан аввал бекор қилиш устида иш олиб бормоқда. Бу эса табиийки, клубларнинг ёзги трансфер ойнаси учун сиёсати ва режаларига ўзгартиришлар киритишни тақозо этади.
Лига мазкур масалаларни ўрганиб чиққан ҳолда, Суперлига клубларидаги мавжуд муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида регламентнинг 11.4-бандини вақтинчалик қисман енгиллаштириш масаласини июнь ойида кун тартибига қўйди ва мазкур масала юзасидан клублар таклифини ўрганди. Яъни, қатор клублар молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, айрим меҳнат шартномаларини муддатидан аввал бекор қилаётганлигини инобатга олиб, ёзги трансфер ойнасидаги чекловни 2026 йилнинг иккинчи ярми учун ўн нафар футболчи ва икки нафар дарвозабон кўринишида ўзгартириш масаласи клублар билан муҳокама қилинди.
"Бунёдкор", ОКМК ва "Локомотив" клубларидан бошқа Суперлиганинг 12 та клуби мазкур масалани ёқлаб овоз берди. "Андижон" клуби эса бу борадаги сўровни жавобсиз қолдирди. Шундан келиб чиқиб, Лига регламентда қайд этилган банднинг ёзги трансфер ойнасига оид қисмини 10 нафар футболчи ва 2 нафар дарвозабон кўринишида мавсум қайдномасига қўшишга рухсат беришни мақсадга мувофиқ деб топди.

Фикрлар