Суперлига клублари директорлари "Эвертон" ва "Арсенал"да малака оширишади

Хабарингиз бор бундан аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Англияга ташрифи давомида мамлакат футбол ассоцияцияси раҳбарияти билан учрашгани ва келгусида икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳамда ўзаро тажриба алмашиш борасида икки томонлама келишувга эришган эди.

Унга кўра Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этувчи жамоалар директорлари Англиянинг “Эвертон” ва “Арсенал” каби етакчи клубларида тажриба алмашишлари ва ўз малакаларини оширишлари мумкин.

ЎФА расмий сайтининг хабар беришича бугун ушбу ҳамкорлик доирасида илк келишув амалга оширилди. Жумладан, “Локомотив”, “Насаф”, “Пахтакор” “Бухоро” ва “Бунёдкор” клублари директорлари март ойида Англиянинг “Эвертон” клубида малака оширишади. Клублар раҳбарлари “Эвертон”га ташрифи давомида у ердаги инфратузилма ва шароитлар, футбол соҳасида Англияда қўлланилаётган янги технологиялар борасида тажриба тўплайдилар.

Айни дамда мамлакатимизнинг яна бир неча жамоалари вакилларини “Арсенал” клубига малака оширишга юбориш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, клублар директорларини Голландиянинг “Аякс” клубига ҳам юбориш борасида музокаралар кетяпти. Бу борада, ҳар иккала мамлакат футбол ассоцияциялари билан ҳамкорлик келишувига эришилган.

Юқоридагилар юзасидан ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташкилот расмий сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди: “Маълумки, Англия футбол инфратузилмаси, академиялар нуфузи ва бошқа бир нечта жиҳатлар борасида дунёда етакчилардан ҳисобланади. Шу боис, Лондонга қилган ташриф чоғида келгусида Ўзбекистондаги клублар директорларини айнан Англияга малака ва тажриба ошириш учун жўнатиш борасида Англия Футбол Ассоцияцияси билан ҳамкорлик келишувига эришдик. Бу, ҳамкорлик асосида Ўзбекистондаги клублар директорлари дунёнинг етакчи футбол давлатларидан бирида тўплаган тажрибасини мамлакатимизда қўллаши ва бу билан Ўзбекистонда футбол инфратузилмаси ривожига ҳисса қўшадилар деб, бемалол айта оламан”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!