Суперлига. "Насаф" иштирокидаги ўйин номаълум муддатга қолдирилди
Хабарингиз бор, 14-20 май кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида "ОФК кубоги-2021" мусобақаси “F” гуруҳи учрашувлари бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз вице-чемпиони Қаршининг “Насаф” клуби иштирок этади.
Душанбедаги учрашувлар сунъий қопламали майдонда ўтказилиши, шу боисдан, жамоанинг бундай майдонда оз муддат бўлса-да машғулотлар олиб бориш имкониятига эга бўлиши учун “Насаф” клуби Coca-Cola Суперлига 8-туридан ўрин олган “Машъал” билан ўйинни кейинроқ муддатга қолдиришни сўраб, ЎзПФЛга мурожаат қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
Аслида тақвимга кўра, “Насаф” – “Машъал” учрашуви 10 май куни бўлиб ўтиши лозим эди. Лекин “Насаф” клуби айнан 10 май санасида Тожикистонга йўл олишни, 7 майдан эса Тошкентда “Чиғатой” базасининг сунъий қопламали майдонида машғулотлар олиб боришни режалаштирмоқда.
Ўз навбатида “Машъал” футбол клуби вазиятни англаб, “Насаф”нинг сўровига розилик билдиргани сабаб, мазкур жамоалар ўртасидаги учрашув кейинроқ муддатга қолдирилди.
Фикрлар