Суперлига. "Навбаҳор" - "Сўғдиёна": Превью
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг 5-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилади.
Мазкур клублар Ўзбекистон чемпионатларининг Cуперлига (Олий лига)сида ўзаро 52 марта учрашган. Ушбу ўйинларнинг 25 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 20 та баҳсда зафар қучган, 7 та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 88-60, “Навбаҳор”фойдасига.
Наманганликлар ўзаро ўйинларда 82 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 67 очко мавжуд.
“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” клублари ўртасида ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўша йили “лочинлар” Наманганда жиззахликлар дарвозасига жавобсиз 7 та тўп киритган.
Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган. Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган.
2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида зафар қучган.
Наманганда бўлиб ўтган учрашувларнинг 21 тасида “лочинлар” устун келган. Яна битта ўйинда жиззахликлар ғалаба қозонган, 4 та баҳсда эса жамоалар дурангга имзо чеккан.
Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар