Суперлига янги мавсуми олдидан ЎФАда ҳакамлар ўртасида йиғилиш ўтказилди. Унда қандай масалалар кўрилди?
ЎФA томонидан мамлакатимизда ҳакамлик соҳасини ривожлантириш, футбол ҳакамлари малака ва салоҳиятини ошириш, ҳалоллик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган тизимли ишлар мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.
Маълумки, бир неча кунлардан сўнг юртимизда футбол мавсумига старт берилади. Уни юқори руҳда ўтказишда сифатли ҳакамликнинг ўрни бор. Кеча Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мажлислар залида ҳакам ва назоратчилар ўртасида бўлиб ўтган йиғилишда айни шу масалада сўз борди. Йиғилишда мавсумни юқори савияда ўтказиш учун нафақат клублар, балки ҳакамлар ҳам ўқув-машғулотларини ўтказганлиги таъкидланди. Йиғинлар янги босқичга олиб чиқилиб, махсус семинарларга илмий ёндашилганлиги, ВAР симуляторига оид махсус технологик кўникмалар бериб борилганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
- Профессионал футбол учун — сифатли ҳакамлик зарур. Футболимизни ривожлантиришда, энг аввало, ҳакамликка эътибор қаратишимиз керак. Шу боис, сўнги пайтларда ушбу йўналишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ҳакамнинг баҳсли вазиятларда чиқараётган ҳар бир қарори шаффоф ва футбол фойдаси учун бўлиши шарт. Чунки ҳакам, биринчи галда, адолатни ва футболчиларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган, шунингдек, футболимизнинг имиджини яратадиган одамдир, - деди Равшан Эрматов.
Учрашув давомида ҳакамлар орасида соғлом рақобатни шакллантириш кераклиги айтилиб, ҳар бир турдан сўнг доимий равишда хатолар устида ишлаш ва таҳлил қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди. Соҳа имиджини кўтариш йўлида барча ҳакамлар ҳалол ва адолатли қарорлар чиқариш кераклиги яна бир бор эслатилди. Курашувчан футболчиларни тайёрлашда ҳам ҳакамларнинг ўрни муҳимлиги айтилди. Бундан ташқари аёллар ҳакамлигига ҳам тўхталиниб, хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларни фақат аёл ҳакамлари бошқарадиган тизим йўлида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Уларнинг маошларини босқичма босқич ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда шунингдек, ЎФA вице-президенти Одил Aҳмедов ҳам сўз олиб, футболнинг ривожланишида ҳакамларнинг зиммасидаги масъулият футболчиларники каби катта эканлигини айтди. Учрашув якунида ОФК академияларини якунлаган ёш ҳакамларимиз ҳақида маълумот берилди. ЎФA раҳбарияти янги мавсум олдидан барча ҳакамларимизга омад тилади.
Фикрлар