Суперлига йўлланмаси учун про-лигада курашаётган 8 та жамоа ҳақида нималарни билишимиз керак?

Кўпинча асосий эътиборимизни Суперлигага қаратиб, ундан кейинги ўринда турувчи лигага аҳамиятсиз бўлиб қоламиз. Бундай манзара авваллари ҳам мавжуд бўлиб келган. Албатта, бунга ўзига яраша бир нечта сабаблар ҳам етарли эди. Ўзи шундоқ ҳам Суперлигамизнинг савияси ҳали у қадар кучайиб кетмаган бир пайтда биринчи лиганинг ҳолатини гапирмаса ҳам бўларди.

Охирги пайтларда эса ПФЛ томонидан қандайдир ўзгаришларга қўл урилмоқда, чемпионатларимиз савиясини ошириш йўлида тартибли иш жараёнлари йўлга қўйилиш арафасида. Бунгача қуйи лигадаги савияни бироз бўлса ҳам кўтариш ва тартиб-интизомни яхшилаш учун бир қатор вариантлар синаб кўрилди. Аммо сира бундай ўзгаришлар ўзини оқлайвермади. Қолаверса, у ерда мақсадсиз иштирок этаётган ва кун ўтса бўлди, қабилидаги вазифани ўзларига сингдириб олган жамоалар ҳам бор эди. 

Хуллас, яна бир қанча сабаблар туфайли ҳам Суперлигадан кейинги ўринда турувчи лигага нисбатан қизиқишлар сусайиб кетганди. ПФЛга эса барча вазият яхши аён эди ва бу йилдан бошлаб про-лигада формат ўзгартирилди. Эндиликда саккизта жамоа ПФЛ талабларига жавоб берган ҳолда про-лигадан жой олди ва ундан кейинги мусобақа сифатида биринчи лига ташкил этилди.

Про-лигадаги саккизта жамоа - “Шўртан”, “Нефтчи”, “Истиқлол”, “Турон”, “Зомин”, “Оқ-тепа”, “Хоразм” ва “Динамо” клублари иштирок этмоқда. Айнан ушбу қатнашчилар Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Табиийки, уларнинг орасида биринчи ўрин эгаси Суперлигага йўл олади, иккинчи ўрин эгаси эса плей-офф босқичида иштирок этади.

Умуман олганда, ўзгаришлар сезиляпти ва про-лигага доир яна бир энг муҳим янгилик сифатида ПФЛнинг “Uzreport” телеканали билан шартнома имзолаганини айтиш мумкин. Унга кўра, эндиликда про-лиганинг энг муҳим баҳслари ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Бу албатта олдинга ташланган қадам бўлади. Аммо бундай келишувлар шунчаки қоғозда қолиб кетмаса бўлгани.

Жорий йилдаги про-лигада сараланган клублар олиб қолинганини инобатга олсак, энди ўйинлар ва курашлар бир мунча жонлироқ ва қизиқарлироқ кечишига умид қилса бўлади. Ўткинчи ўйинлардан узоқлашамиз, деган умиддамиз. Эътиборингизга эса жамоалардаги имконият ва бош мураббийлар ҳақида сўз юритамиз.

“Шўртан” – бош мураббий Асрор Алиқулов

Жиддий молиявий муаммолар қуршовида қолиб кетган клуб. Охирги йилларда бир қанча тўсиқларга дуч келди, жамоада ишлаган хорижликлардан бўлган қарздорликлар натижасида ФИФА ҳам “Шўртан”ни жазолади. Ҳозир ҳам бунинг асоратлари бор ва клуб тўлиқ муаммолардан қутулгани йўқ. Шунга қарамай, ушбу мавсумда жамоа янги мақсадлар билан курашга қўшилди. Бош мураббийликка эса барчага яхши таниш бўлган Асрор Алиқулов қайтарилди. Унинг қайтишига сабабчи бўлган инсон – бу Шамиль Ярулин. Бир неча йил “Насаф” клубининг раҳбари сифатида фаолият олиб борган мутахассис эндиликда “Шўртан”да иш бошлади ва бош мураббийликка Алиқуловни жалб қилди. Яқинда Асрор Чориевич Sports.uz сайтига берган интервьюсида Суперлигага қайтишга уриниб кўриши ҳақида айтганди. Аммо кўпроқ ёш ўйинчиларга ишонч билдирмоқда. “Шўртан” ушбу лигада қатнашаётганида доимо элитага чиқиш учун даъвогарлар қаторида эътироф этилади ва бу йил ҳам худди шундай. Қолганини эса вақт кўрсатади.

шўртан

“Нефтчи” – бош мураббий Асад Дўрмонов

Бу жамоа ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Аммо биз олдинги воқеликлар ҳақида яна тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Шунчаки, бугунги кундаги “Нефтчи”га кўз ташлаш кифоя. Суперлигани тарк этганидан буён  фарғоналиклар про-лиганинг доимий иштирокчисига айланиб бормоқда. Клубни эса ўтган мавсумдан бери Асад Дўрмонов бошқариб келяпти. Жамоа раҳбарларнинг эътиборидан четда қолгани учун ҳам олдинги мавқеини тиклаши учун яна қанча вақт керак бўларкин, билмадик. Бироқ бош мураббий “Нефтчи” ўз номига яраша бўлишини ва Суперлигага қайтиш асосий мақсадлиги ҳақида айтиб келмоқда. Аммо бу истакни амалда рўёбга чиқариш эса осон жараён эмаслигини фарғоналиклар яхши тушуниб туришган бўлса керак. Охирги пайтларда эса таркиби анча-мунча ёшартириб юборилди.

Дарвоқе, бунгача футболдаги фаолиятини якунлаган 37 ёшли Мансур Саидов катта футболга қайтганини эътироф этиш ўринли. У ушбу мавсумда яна “Нефтчи” шарафини ҳимоя қиляпти. Демак, клуб яна бир бор Саидовнинг тажрибасига эхтиёж сезган. Лекин Суперлигага қайтишни астойдил истаётган бўлса, таркибда янада тажрибали ўйинчилар зарур бўлишини ҳам унутмаслик керак. Негаки, қолган рақиблар ҳам жимгина қараб туришмайди.

нефтчи

“Турон” – бош мураббий Ислом Исмоилов

Фарғона вилоятидан яна бир жамоа сифатида қатнашаётган “Турон” ҳақида ОАВ орқали анча-мунча эшитаётган бўлсангиз керак. Яъни, жамоа ўз олдига қўйган жиддий мақсадига яраша шарт-шароитларини ҳам янада яхшилаб бормоқда.  Клубнинг моддий-техник базаси, инфратузилмаси борасида олдинга қадам ташланган. Ҳаммаси эса “Турон”нинг Суперлигага олиб чиқишга қаратилган. Албатта, яқинда ташкил этилган жамоа учун бу қийин бўлиши аниқ. Аммо улар барчасига босқичма-босқич эришишни кўзлашмоқда. Таркибида эса бир қатор яхши савиядаги ижрочилар борлигини кўриш мумкин. Айниқса, Суперлигада тўп сурган футболчилар эндиликда “Турон” шарафини ҳимоя қилмоқдалар. Бош мураббий сифатида эса ёш Ислом Исмоилов фаолият олиб бормоқда. Бунгача у биринчи лига жамоаларида мураббийлик иши билан шуғулланган. Албатта, Исмоилов ҳали яна тажриба тўплаши ва мураббийлик фаолиятида янада “пишиши” керак бўлади. Боз устига “Турон” Суперлигани кўзлаётган бўлса, бу борада бош мураббийнинг ҳам салоҳияти бунга қодир бўлиши муҳим саналади. Балки шунинг учун бўлса керак, ушбу жамоада маслаҳатчи мураббий сифатида Ислом Исмоиловнинг дадаси Мурод Исмоилов жалб қилинган. Табиийки, у ўғлига жиддий мақсад йўлида кўмаклашиши турган гап. Таркибга қарасангиз, Жавоҳир Соҳибов, Акмал Холмуродов, Даврон Исоқов, Акмал Ортиқов, Баҳодир Акрамов, Дониёр Исмоилов, Дилшод Хушбаков каби мухлисларга яхши таниш футболчиларни учратиш мумкин. Умуман айтганда, жамоада ҳаммаси жойида, фақат истакларни майдонда амалга ошириш қолди холос.

турон

“Истиқлол” – бош мураббий Сергей Лебедев

Фарғонадан про-лигада иштирок этаётган навбатдаги - учинчи жамоа сифатида “Истиқлол” ҳам борлигини унутмаслик даркор. “Нефтчи” ҳамда “Турон” сингари “Истиқлол” ҳам ўз олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган. Клубни эса анчадан бери Сергей Лебедев бошқариб келмоқда. Ёрдамчи мураббий сифатида эса чемпионатларимизнинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлган Анвар Бердиев ишламоқда. Ўтган йили эса “Истиқлол” элита учун кураш олиб борганди. Бу йил ҳам улар яна бир бор мақсади сари уриниб кўришмоқчи. Таркибида эса Мўйдин Мамазулумов, Аббос Махсталиев, Хуршид Ходжаев, Роббим Ҳасанов, Умид Қодировга ўхшаган Суперлигада фаолият олиб борган футболчилар ҳам бор. Шуниси аниқки, “Истиқлол” Суперлига йўлидаги курашда рақобатни кучайтиради.

истиклол

“Оқ-тепа” – бош мураббий Александр Ежов

“Оқ-тепа” ушбу дивизионнинг доимий вакилларидан бири бўлиб иштирок этиб келяпти. Эркин Жабборов, Максимилиан Фомин, Тимур Ҳакимов, Зафар Тўраев, Суннатилла Мамадалиев каби ўйинчиларга эга бўлган “Оқ-тепа”нинг ҳам мақсади жиддий. Бундан ташқари, таркибда нигериялик легионер ҳужумчи Ибрахим Томива ҳам тўп сурмоқда. У гол уриш қобилиятини кўрсатишни бошлаган. Бу йил эса бош мураббий сифатида Александр Ежов клубда иш бошлаган. Бунгача у “Хоразм”да ушбу лавозимда ишлаган. Шунингдек, “Оқ-тепа”да клуб раиси собиқ футболчи Алишер Шоғуломов эканлигини ҳам айтиш даркор.

октепа

“Динамо” – бош мураббий Сергей Лушчан

Куни кеча “Динамо”га Сергей Лушчан бош мураббий этиб тайинланди. У 12 кун давомида ушбу клубда бош мураббийлик қилган Равшан Аҳмедовнинг ўрнини эгаллади. Про-лиганинг дастлабки иккита ўйинида самарқандликлар мағлубиятга учрашганди. Натижада раҳбарият бош мураббийликка тажрибалироқ бўлган мутахассисни излашди ва якунда Лушчаннинг номзодида тўхташди. Лекин охирги йилларда “Динамо”нинг мавқеи бироз пасайгандек. Чунки клуб Суперлига билан про-лига орасида вақт ўтказмоқда. Катта қийинчилик билан кучлилар орасига чиқадию, аммо яна ўша мавсумнинг ўзидаёқ ўз  жойига қайтмоқда. Мана, бу йил ҳам самарқандликлар яна Суперлига учун курашишга бел боғлашган ва Лушчанни ҳам шу мақсадда олиб келишган. Янги мураббий “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқа оладими ёки йўқми, буни албатта вақт кўрсатади.

динамо

“Хоразм” – бош мураббий Ғайрат Шихов

“Хоразм” ҳақида нима дейиш мумкин? Жамоада жонбозлик кўрсатаётган шахс сифатида Мақсуд Каримовни айтиш мумкин. Кўп йиллар давомида “Насаф” шарафини ҳимоя қилган собиқ футболчи ўтган йили бутсаларини михга илганди ва шундан сўнг ўзи туғилиб ўсган шаҳарга қайтиб, ўша ерда ишлашга киришди. Натижада Каримов “Хоразм”да бош директор сифатида ишлаб келмоқда. Бош мураббийлик вазифаси эса Ғайрат Шиховга топширилган. Шундай бўлса-да, барча масъулият айнан Мақсуд Каримовнинг зиммасида дейиш мумкин. Лекин ҳозирча урганчликларни Суперлигага чиқиш салоҳиятига эга деб айтишимиз мушкул.

“Зомин” – бош мураббий Жаҳонгир Жиямуродов

Жиззахнинг “Зомин”и про-лига етакчиларига имкони қадар қаршилик кўрсатадиган жамоа сифатида гавдаланмоқда. “Насаф”даги ўйинлари орқали мухлисларга таниш бўлган собиқ футболчи Жаҳонгир Жиямуродов мураббийлик фаолиятига киришган ҳолда “Зомин”да иш бошлаган. Натижада у бор эътиборини ушбу жамоага қаратган. Лекин ҳозирча Суперлигага йўлланмани қўлга киритадиган даражада кучга эга эмас. Қолаверса, бу йил про-лигада рақобат ҳам ортган ва табиийки, “Зомин”га қийин бўлиши аниқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
17/07/2020 10:19
Супер лига 16 команда килиш керак уйин кам кубок уйинлари чемпионат уйинчалик киматга эга эмас
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
16/07/2020 22:56
Fargona 3 klub urniga 1tasi shakllanterib oliy legaga olib chiqqani maqulmi. har qalay Naftchi jarangdor nom uzbek fudboliga katta hissa qushkan klub azal azaldan nomdor klub. manga qolsa har bitta Viloyatdan bittadan klub bulsa. masalan Loka tosh kerak emas. chunki Temir yul asosan viloyatlardan daromat topadi. qerga kurgansiz Toshkentlikka viloyatka borib ishlashini yoki kasalhonaga borishi. demoqchiman. Loka urniga Horazm bitta klub qilsa. Oq tepa boshqa mafzu. chunki shahsiy klub deyishdi. shunchaki fikrda