Суперлигада ишлайдиган ҳакам бир ўйин учун неча пул олади? ЎзФҲМ раҳбари – Лазиз Қўчқоров жавоб берди! (Катта интервью)

"Дангал" лойиҳасининг ўтган сони ҳакамликка аталгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. Ўшанда бир йўла 4 инсон билан суҳбатлашдик. Улар орасида ҳакамлар маркази раҳбари – Лазиз Қўчқоров билан суҳбат алоҳида эътироф этишга лойиқ. Бу лавозимда иш бошлаганига кўп бўлмаган мутахассис кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.

5-6 йил илгари 10 тадан ортиқ ҳакамлар “мафия"сининг кучи ҳали-ҳамон борми?

-  "Дангал" бўлгандан кейин, дангал жавоб бериш керак. Мени яхши билган одамлар тасдиқлаши мумкин: менга бундай нарсалар ўтмайди! Бу гапим билан "Зўрман" демоқчи эмасман. Ақл билан иш қиламиз. Тепамизда раҳбарларимиз бор. Агар кимдир бизга босим ўтказмоқчи бўлса, бунинг олдини олишга тайёрмиз.

Эшитишимизга қараганда, сизга ҳам яхшигина босим бўлган! Ўша "мафия"нинг таъсир доираси сезилмоқдами? Шу ҳақда сўзлаб беринг?!

-  Босим ҳар доим бўлган. Футбол жамоавий ўйин тури. "Бир ўзим ҳал қиламан", деганингиз билан, ҳеч нарсани уддалай олмайсиз. Мана шу "мафия"га жавоб қайтаришни бошлаганимизга анча бўлди. Бу ҳам ўйиндек гап. Унга киргандан сўнг ғолиб бўлиб чиқишни ҳам билиш лозим. Масалаҳат билан барча муаммоларнинг ечимини топдик. Бу ўз самарасини берди. Мен бу ерга кимнидир бурнини қонатиш учун келмаганман. Мақсадим - барчасини тартибга солиш. 2022 йил чиройли якун топгани билан олдинда бизни ундан қийин мавсумлар кутмоқда. Биз кейинги турнирларга бундан ҳам кучлироқ бўлиб боришимиз керак. Мен ҳакамлар қабул қилаётган қарорини биттада тушуниб олишини истайман. Берилаёган пенальти, сариқ карточкалар асосланган бўлиши шарт. Барча реферининг қарорини бирламчи фикр билан қабул қилса, ниятимизга етган бўламиз. Баъзан, ўзимиз ҳам тушунмай қоламиз. Ҳакам ҳам инсон. Ҳаяжонда адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Уларнинг футболчилардан фарқи йўқ. Хато қилмаслик ҳақида ўйлаб 90 дақиқа майдонда югуриш осон эмас.

Лазиз ака, сўнгги 6 ой ичида қанчага қаридим деб ўйлайсиз?

-  Жуда ҳам оғир савол. Асаблар сезиларли даражада кетмоқда. 6 ой ичида 2 йилга қаридик менимча (кулади).

Чемпионат аввали ва ўртасида жуда кўп ҳакамларнинг қарорларида хатолар кўрдик, аммо якунда реферилар ўйинни бузиб қўймади. Бу нима билан боғлиқ?

-  Ишга ўтганимда июнь ойи эди. Раҳбарият нима истаётганини ҳакамларимизга тушунтиришга вақт керак бўлди. Ҳалолликни талаб қилдик. Клублар ва халқнинг эътирозига учрамаслик учун нималар қилиш борасида узоқ суҳбатлашдик. Рефериларнинг чемпионат ўйинларини бузиб қўймаслигини таъминладик.

Бундан аввалги даврдаги ҳакамликнинг қандай бўлганини яхши биламиз. Ўша эпохада ишлаган ҳакамларни ҳозирги талабларга мослаштириш қай даражада оғир?

-  Очиғи, жудаям мураккаб иш. Бунинг меҳнати оғир. Ҳакамларни ҳам тўғри тушуниш керак. Бир иморатни бузиб, қайта қуриш ҳам осон эмас. Ўйлайманки, улар кераклигича хулоса чиқариб олишди. Якунда кўрдик, бу лиганинг сўнгги турларида панд бериб қўйгани йўқ.

Айни дамда, Суперлигада ишлайдиган ҳакамларнинг маоши қанча?

-  Бир ўйинда ишлаган бош ҳакамнинг гонорари 6 миллион сўмни ташкил этади. Лайнсменларга 2 миллион тўланади. Ишга энди келган пайтларим қанот ҳакамлари бу суммани катталаштиришимизни сўраб илтимос қилишди. Биз ҳомий қидириб, уларни топдик. Натижада, айни дамда ён чизиқдаги рефериларга бир ўйиндаги иши учун тўланадиган ҳақ 3 миллион сўмга кўтарилди. Захира ҳаками 1 миллион 200 минг гонорар олади. Инспекторларимиз 90 дақиқа учун 1 миллион сўм ишлаб топади. Бу суммани кам деб ҳисоблайман, аммо молиявий имкониятимиз ҳозирча шу маблағни кўтара олади. Келажакда, буни янада оширишни режа қилганмиз. Кўплаб ҳакамаларимиз ўз маошини футболчиларники билан таққослайди. Улар бир ойда камида 30 миллион маош олишини айтиб, нолиганига кўп гувоҳ бўлганман. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Агар ҳакамларимиз 4 ўйинда хатосиз ишласа, бемалол бир ойда 25 миллион сўм ишлаб олиши мумкин.

Тўлиқ интервьюни томоша қилинг! Унда Лазиз Қўчқороадан ташқари Аҳрол Рисқуллаев, Илгиз Танташев сингари реферилар билан қизғин суҳбат уюштирилган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!