Суперлигада мухлислар нега камайиб бормоқда? Интригали чемпионат ҳам қизиқ эмасми?
15-18 сентябрь кунлари Суперлиганинг 19-тури ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар ўтказилди. Учрашувларда ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди. Пешқадамликни бериб қўйган “Навбаҳор” ўз уйида қийин ғалабага эришди. Биринчи ўринда бораётган “Насаф” водий жамоасидан устун келди. “Пахтакор”га қаршилик кўрсатиши кутилган АГМК буни уддалай олмади. “Олимпик” кутилмаганда “Бунёдкор” билан дуранг ўйнади. “Нефтчи” рақобатчисини мағлуб этиб, яна юқорилади. “Сурхон” жуда муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
Бу гал стадионларимизга жами 25643 томошабин ташриф буюрди. Ҳар бир беллашувга ўртача 3663ни ташкил қилади.
Энг кўп мухлис Наманганда. “Навбаҳор” – “Қизилқум” турнинг марказий беллашувига 10240 томошабин ташриф буюрди.
Нафақат мухлислар ташрифи, балки муҳимлилиги жиҳатдан келиб чиқсак, Қаршидаги беллашув иккинчи ўринни эгаллади. “Насаф” – “Қўқон-1912” баҳсини кўриш учун 5657 ишқибоз стадионга келди.
Энг кам томошабин Тошкент вилоятида. Мавсум бошидан бери айтиб чарчамаганимиз “Сурхон” стадионидаги таъмирлаш ишлари сабаб бу жамоа ўз ўйинларини бошқа ареналарда ўтказиб келди. Охирги паноҳ ОКМК стадиони.
“Сурхон” учун ҳам, “Локомотив” учун энг муҳим учрашув аслида ҳеч кимга керак эмасдек ўтди. Чунки стадионда 335 томошабин бор эди холос.
Тўғри айтишингиз мумкин. Бу ўйиннинг мезбони “Сурхон”, уларнинг мухлислари шунча йўл босиб келиши қийин дерсиз. Бироқ “Локомотив”-чи? “Темирйўлчилар”га ҳар томонлама қийин бўлган паллада уларни қўллаб турадиган ишқибозлари йўқми? Жамоада келишилган ўйинлар билан боғлиқ муаммо чиққан бир пайтда, клубнинг ички мусобақада ишлари юришмай қолганда елкадош бўладиган асл мухлислари йўқми?
Ўзи умуман олганда, чемпионатимиз бу мавсум анча яхши ўтяпти демоқдамиз. Лекин айни қизиган паллада стадионларга томошабинлар ташрифи камаймоқда. Ваҳоланки, Наманган ва Қашқадарёда арена мухлислар билан лиқ тўлиши лозим эди. Бундай интригали ҳолатда пешқадамлар бўлгани учун. “Пахтакор”да қийинроқ масала бу.
Шунингдек, турнир жадвалининг хавфли ҳудудларида бораётган жамоаларга мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши жуда зарур. Шунда улар яхши натижалар қайд этиши мумкин.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Навбаҳор” – “Қизилқум” 1:0. 10240 томошабин
“Насаф” – “Қўқон-1912” 2:1. 5657 томошабин
“Металлург” – “Сўғдиёна” 2:1. 4215 томошабин
АГМК – “Пахтакор” 0:2. 2235 томошабин
“Олимпик” – “Бунёдкор” 1:1. 1540 томошаин
“Нефтчи” – “Динамо” 4:1. 1421 томошабин
“Сурхон” – “Локомотив” 2:1. 335 томошабин
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар
Этиб ишкибозлар Адреналини ни кутарди дам олдик
Эхтимол
Университет даги спорт профессори, психолог, Яна врач .....,( Уларни тарбиявий илмий практик Дарси соатига пул ойлик туланиши керак )тарбиявий дарс машгулотлар утиш керак Дир тренировкалар дан ташкари кунлар ва вактларди дам олиш атмосфера ва камфорт яхши хона еки кафедра спорт масканларида. Футболчилар огир жисмоний машгулатдан кейин командага алокаси Кам булган специалистлар Билан сухбатлашиб рухан тетикланиш олар мотивация булсачи.