Суперлиганинг 18-турида энг яхшилар орасида кимлар бор?
Суперлиганинг якунига етган 18-турида мезбонлар фақат бир марта ютишди. 3 тадан ўйинда эса дуранг ва мағлубиятлар кузатилди. Ўтказилган 7 та учрашувида турли натижалар қайд этилди ва табиийки, ҳар бир учрашувнинг ўз қаҳрамонлари бўлди.
“Қизилқум” – “Сўғдиёна” – 1:1. Энг яхши футболчи: Отабек Ахадов
18-турни бошлаб берган “Қизилқум” – “Сўғдиёна” қарама-қаршилигида жиззахликлар охирги дақиқаларда урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолдилар. Биласиз, “Сўғдиёна” устози Иван Бошкович ёшлар билан ишлашни ёқтиради ва уларни ажойиб футболчи сифатида тарбиялаб келмоқда. Буни “Сўғдиёна” мисолида барчамиз кўриб турибмиз. “Қизилқум”га қарши учрашувда Бошковичнинг кашфиётларидан бирига айланиши кутилаётган Отабек Ахадов энг яхши футболчи номига сазовор бўлди. Бу эса юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
“Пахтакор” – “Нефтчи” – 0:0. Энг яхши футболчи: Владимир Назаров
Нурсиз дуранг билан якунланган “Ўзбек классико”сидан мухлислар кўп нарса кутгандилар. Аммо томонлар гол урмасдан бир очкодан бўлишиб олдилар. Ўйин эса у қадар қайноқ руҳда, ҳужумкорликда ўтмади. Лекин имкониятлар бўлди. “Пахтакор” дарвозабони Владимир Назаров ўзининг энг яхши ўйинини ўтказди ва шу боис ҳам сейвлари билан дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
“Навбаҳор” – “Насаф” – 0:1. Энг яхши футболчи: Ойбек Бозоров
Тобора чемпионликка яқинлашиб келаётган “Насаф” бу турда яна бир жиддий тўқнашувда уч очкони қўлга киритди. Наманганда “Навбаҳор”га қарши баҳсда “Аждарлар” кутилганидек яхши таассурот қолдирди. Унинг тиниб-тинчимас футболчиси Ойбек Бозоров яна энг яхши ўйинчи бўлди. У ягона голга ассист вазифасини бажарди. Уни тўхтатиш наманганликларга қийинчиликлар туғдирди.
“Динамо” – “Бунёдкор” – 2:3. Энг яхши футболчи: Андрия Филипович
“Бунёдкор” Самарқандда “Динамо”га қарши оғир ўтган ўйинда 2:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Учрашувда меҳмонларнинг хорватиялик ҳужумчиси Андрия Филипович жамоасига иккита голи билан фойда келтирди. Шубҳасиз, у ўйиннинг энг зўрига айланди.
“Андижон” – “Локомотив” – 1:2. Энг яхши футболчи: Санжар Турсунов
“Темирйўлчилар” “Бобур арена”да “Бургутлар”га қарши беллашувда характер кўрсатди. Аввалига иккинчи бўлим бошида “Локомотив” ҳисобни очди. Кейин мезбонлар баҳс ўрталарида мувозанатни тикладилар. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида меҳмонлар иккинчи голни уриб ғалабани илиб кетдилар. Меҳмонлар сардори ва етакчиси Санжар Турсунов ўз маҳоратини кўрсатган ҳолда жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. У ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек фаол бўлди.
“Олимпик” – “Металлург” – 1:1. Энг яхши футболчи: Муҳсин Бозоров
“Олимпик” сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди. Иқтидорли футболчи Муҳсин Бозоров ўз голи билан “Металлург”нинг чемпионатдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритишига йўл қўймади. Айнан “Олимпик”ни мағлубиятдан қутқариб қолган футболчи майдондаги меҳнатлари эвазига гол ҳам урди ва энг яхши футболчига ҳам айланди.
ОКМК – “Сурхон” – 1:0. Энг яхши футболчи: Ойбек Рустамов
Турнинг сўнгги тўқнашувида ОКМК ўз майдонида “Сурхон”ни қийинчилик билан бўлса-да, мағлуб этди. Ойбек Рустамовнинг учрашув охирларида урган ягона голи Миржалол Қосимов жамоасига уч очко келтирди. Бу 17 сентябрь санасида Қосимов туғилган куни учун ажойиб совға бўлди. Ўйин қаҳрамонига айланган Рустамов эса энг яхши футболчи бўлди. “Сурхон” биринчи бўлимда бир киши кам бўлиб жиддий рақибга жиддий қаршилик кўрсата олди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар