"Сурхон" ҳозир қандай савияда? Жамоа қайси ўрин учун кураша олади? "Навбаҳор"дан учралган мағлубиятнинг сабаби нима? - Баҳром Ҳайдаров иштирокида матбуот анжумани

Coca Cola Суперлига 8-тури доирасидаги "Навбаҳор" - "Сурхон" (2:0) учрашувидан кейин ўтказиладиган матбуот анжуманида дастлаб меҳмон жамоа мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўйин ҳақидаги фикрларини билдиради.

- Тўғри, бугун ютқаздик, лекин мағлубиятга лойиқ эмасдик, - деб гап бошлади, Ҳайдаров. - Иккала бўлимда тенг ўйин бўлди. Тўп назоратини "Навбаҳор"га беришни мўлжаллагандик. Футболда қайси жамоа имкониятидан фойдаланса, ғалаба унга насиб этади. Бизда ҳам вазиятлар бўлди. Ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Қачонки, имкониятлардан фойдалансак, шундагина натижа бўлади. "Навбаҳор" легионерлари маҳорат эвазига гол уриб, ғалабага ҳисса қўшишди.

Ҳамма кўриб турибди, икки турдан бери йигитларнинг жисмоний ҳолати ва ўйинига эътироз бўлмади. Шунчаки, мувозанатни йўқотиш туфайли имкониятни бой беряпмиз. Жамоа ёмон ўйнамаяпти, футболчиларга маҳорат етишмаяпти. Ўйинни ўзига оладиган ўйинчи топилмаяпти. Бу борада кўп ишлаяпмиз, лекин барибир, маҳоратли футболчи ҳеч бўлмаганда 4 та имкониятдан биттасини голга айлантиради. Таркибимизда бундай салоҳиятга эга ўйинчи йўқ демоқчимасман. Кейинги ўйинларда омад келишига ишонамиз.

Кўп жамоаларда молиявий қийинчиликлар борлигини кўряпмиз. Натижада маҳоратли футболчилар хорижга йўл олишмоқда. "Насаф", "Бунёдкор" каби жамоалар академия тарбияланувчилари ҳисобига таркибни шакллантириб олишяпти. "Сурхон"да эса маҳоратли футболчилар камлиги туфайли таркиб тузиш қийин кечди. Ҳозирги жамоамиз ҳам ёмон эмас, Суперлигада ўртамиёнадан юқорироқ савияда эканлиги аниқ. Таркибни шакллантириш учун вақт керак, лекин бунга вақт ҳам йўқ. Кейинги ўйинларда омадимиз кулиб боқади, деган умиддаман.

Барча жамоаларни ўрганиб чиқяпмиз. Мураббий сифатида эмас, "Сурхон" жамоасига ёндан қараб баҳо берсам, жамоа ўрта поғоналарни эгаллашига ишонаман. Таркибни кучайтирамиз. Ишончим комилки, мавсум ўрталарида 7-8-ўринлар учун курашамиз.

"Сурхон"нинг тикланганига 4 йил бўлди, ота-оналар фарзандларини энди шу жамоага беришга интилишмоқда. Авваллари ёш иқтидорлар бошқа жамоага кетиб қолишарди. Энди бу жараён бошқача кечади. Фурсатдан фойдаланиб, барчани Ҳайит айёми билан табриклайман, - деб сўзини якунлади Баҳром Ҳайдаров.

"Навбаҳор" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!