"Сурхон" сардори: "Қизил карточка туфайли майдондан чиқиб кетаётганимда дурангга рози эдим"

Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Сурхон” клуби кеча Суперлиганинг 14-турида Бекободда “Металлург”га қарши бўлиб ўтган беллашувда ўта қимматли ғалабани қўлга киритди.

Вазият шундай эдики, термизликлар аслида дурангга ҳам рози эди. Чунки учрашувнинг 61-дақиқасида “Сурхон”нинг етакчиси ҳамда сардори Асрор Ғофуров иккинчи сариқ карточкадан кейин майдонни тарк этди.

Шунга қарамай, меҳмонлар матонат кўрсатдилар. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда “Сурхон” пенальтидан гол уриб ғалабани илиб кетди. Ўйиндан кейин майдондан четлатилган Асрор Ғофуров Sports.uz сайтига шундай деди:

- Авваламбор, жамоамни ва футболчиларни оғир вазиятда қолдирганим учун узр сўрайман. Узоқ кутилган ғалабага қийинчилик билан эришдик. Барчани бу ғалаба билан табриклайман.

“Сурхон” жамоасининг жонкуярлари ва мухлисларидан ҳар доим бизга ишонч билдириб, ҳар қандай қийин вазиятларда ҳам қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан.

Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Бу учрашувда гол урган жамоа ғалаба қозониши аниқ эди. Бу борада биз омадли бўлдик.

Қизил карточка олганимдан сўнг, 10 киши қолдик. Майдондан чиқиб кетаётганимда дурангга рози бўлгандим. Лекин йигитларга раҳмат, улар ғалаба голини уришди, - дейди “Сурхон” сардори.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!