"Сурхон" сардори Саломовнинг салоҳияти сусаймаган
“Сурхон” клубининг асосий етакчиси – бу Шавкат Саломов эканлигини барча яхши билади. Жамоанинг сардори “Андижон” билан учрашувда кутилганидек фаоллиги билан ажралиб турди ва ғалабага муносиб ҳиссасини қўшди. Беллашувдан кейин эса Шавкат Саломов Sports.uz мухбири билан мулоқотда бўлди.
“Олдин ярим соатча футбол ўйнаётгандик...”
Тажрибали футболчини қўлга киритилган ғалаба билан табрикладик ва дастлаб ўйиндан олган таассуротлари билан қизиқиб кўрдик.
- Биз бу ўйинга жуда жиддий тайёрлангандик. Шунинг учун ҳам жамоамизда ғалабага бўлган иштиёқ кучли эди. Бунгача ўтказаётган учрашувларимизда жамоамиз асосан ярим соат ёки 40 дақиқача футбол ўйнаётганди. Кейин эса ўйинни “ташлаб” юбораётгандик. Лекин “Андижон”га қарши бутун жамоамиз 90 дақиқа давомида ғалаба учун охиригача курашди. Жамоадошларимнинг бор кучини бериб ўйнашгани яққол сезилди. Аста-секин ўйинимиз яхши томонга ўзгариб боряпти.
“Равшан Ҳайдаров жамоани тўғри йўлдан олиб кетяпти”
Хабарингиз бор, яқинда “Сурхон”да бош мураббий сифатида Равшан Ҳайдаров иш бошлади ва “Андижон”га қарши ўйиндаги ғалаба унинг дастлабки муваффақиятига айланди. Саломов эса табиийки, янги мураббий ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- Ҳали Равшан Ҳайдаровнинг кўрсатмаларини 100 фоизга бажара олмаяпмиз, чунки жамоамизда яқиндагина иш бошлади. Лекин шунга қарамай, “Сурхон”да анча ўзгаришлар қилаётгани билиняпти. Мана, “Андижон”ни ютдикми, демак Ҳайдаров жамоани тўғри йўлдан олиб кетяпти. Тажрибали мураббий бўлгани сабабли ҳам жамоамизда ғалабага бўлган ишончни ошира оляпти. Ишонаманки, “Сурхон”ни ғалабалар сари етаклай олади.
“Андижон” пастки ўринларда бўлса-да, уларни кучсиз деб ўйламайман”
Шунингдек, Шавкат “Андижон” жамоаси ҳақида ҳам фикр билдирди ва уларни ютишганига қарамай, рақибнинг кучига юқори баҳо берди.
- “Андижон”ни ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушгандик. Турнир жадвалида ҳам улар биз билан ёнма-ён эди. Барибир ушбу учрашувга жиддий муносабатда бўлдик ҳамда охирги ўйинга тушгандек ҳаракат қилдик. Шу боис бўлса керак, мазкур баҳсда ўйлаган режаларимиз амалга ошди. Аммо “Андижон”ни яхши жамоа деб ҳисоблайман. Бош мураббийнинг роли кўриниб турибди. Кўрдингиз, ғалаба қозонишимиз ҳам осон бўлгани йўқ, анча қийналдик. Учрашув охирларида босимни оширишди. “Андижон” охирги ўйинларда асосан 90-дақиқадан кейин гол ураётганди. Улар пастки ўринларда юрган бўлса-да, жамоани кучсиз деб ўйламайман. Улар яхши савияда эканликларини исботлашди. Бизга муносиб қаршилик кўрсатишди.
“Мақсадимиз ўзгармаган”
Шунингдек, клубда мураббийларнинг ўзгараётгани футболчиларга қанчалик таъсир кўрсатяпти? Бундай ўзгаришлар туфайли клубнинг юқори мақсадлар учун курашиш вазифаси ўзгармаяптими? Бу хусусида ҳам “Сурхон” сардори ўз муносабатини билдирди.
- Мақсадимиз ўзгаргани йўқ. Лекин бу – футбол. Футболда эса ким ютишинию, ким ютқазишини олдиндан айтиб бўлмайди. Олдинги мураббий Баҳром ака Ҳайдаровга ҳам раҳмат, у қўлидан келганича ҳаракат қилди. Футболда эса омадсизликлар ҳам бўлиб туради.
“Ғалабамизни мухлисларимиз узоқ кутишганди”
Шу билан бирга термизликлар ғалабасиз сериясига чек қўйишди ва узоқ кутилган муваффақиятига эришишди. Ўз навбатида Саломов ушбу ғалабани сурхондарёлик мухлисларга бағишлаганини айтди.
- Ушбу ғалабани сурхондарёлик мухлисларга бағишлаймиз. Улар “Сурхон”нинг ғалабасини узоқ кутишди ва бизнинг муваффақиятимизни соғинишганди. Жамоамиз номидан ишқибозларимизни ғалаба билан табриклайман.
“Алишер Рустамов “Бухоро”нинг олдинги мавқеини тиклай олади”
Яна шуни ҳам айтиш керакки, Саломов бухоролик ва у “Бухоро” клубида ҳам анча вақт самарали фаолият олиб борганини кўпчилик яхши билса керак. Шу сабабли ҳам у собиқ жамоасига бефарқ эмас. Яқинда эса клубда ўзгариш юз берган бўлиб, раҳбариятга Алишер Рустамов қайтарилганди. Саломов эса у ҳақида илиқ фикрларни айтди.
- Ўйлайманки, “Бухоро”га Алишер Рустамовнинг қайтгани яхши бўлди. Энди жамоада яхши тарафга ўзгаришлар бўлади. Шахсан мен у кишининг қайтганидан хурсандман. Ишонаманки, “Бухоро”нинг олдинги мавқеини қайтаришади.
Фикрлар