"Сурхон" тайёр ғалабани қўлдан чиқариб юборгач, Февзи Давлетов қандай муносабат билдирди?

Наманганда “Навбаҳор” ва “Сурхон” ўртасидаги ўйинда кўпчилик мезбонларнинг ғалабасини кутганди. “Сурхон” бунгача учта учрашувида ютқазганди. Аммо бу сафар рақиб жамоа Наманганга шунчаки мағлуб бўлиш учун келмаганини исботлади. Улар ҳатто ғалабага ҳам яқин келганди. Бироқ 0:2 ҳисобидаги устунлик якунда 2:2 га айланди ва дуранг билан якун топди. Ушбу баҳсдан кейин “Сурхон” бош мураббийи Февзи Давлетов ўз фикрларини айтди.

- Ўйиннинг жиддийлигини ва бизни муҳим ўйин кутиб турганини билардик. Шу боис турнир жадвалидаги ҳолатимиздан келиб чиққан ҳолда учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик. “Навбаҳор”нинг мухлислари ўз жамоасини астойдил қўллаб-қувватлаб олдинга чорлашини ҳам билардик. Натижада бизга катта босим бўлди. Албатта, мана шундай босим бўлишини йигитларга тушунтирдик. Шунга яраша йигитлардан бутун учрашув давомида босимга дош беришларини ва ҳар бир позицияда ишончлироқ тўп суришлари муҳимлигини тайинладик. Дарвозамиз олдида эса тўпни узоқлаштиришга ҳаракат қилдик. Бундан ташқари, гол уришга ҳаракат қилдик ва ҳатто иккита гол уришга эришдик. Афсуски, ҳисобни ушлаб қола олмадик. “Навбаҳор”ни жим қараб турмаслигини ва ҳужумлар уюштиришини сезгандик. Улар узун паслар орқали ўйнашди. Бу жабҳада бизга қийинчиликлар туғдиришди. Ҳаводаги тўп учун курашларда кўпроқ мағлуб бўлдик. Негаки, футболчиларииз бўйдор эмас. “Навбаҳор” ўйинчилари эса бўйдор.

- “Сурхон”нинг омадсиз старти нима билан боғлиқ?

- Бизда бу борада муаммолар мавжуд. Ўйинимизда айнан қанақа муаммолар борлигини биламиз. Буларни ҳал қиляпмиз. Албатта, муаммолардан бири ҳимоя чизиғи. Кримецдан умидимиз катта эди. Афсуски, ўтган сафар дисквалификацияга учради. Ҳимояда у асосий таянчимиз эди. Ҳимоядаги муаммолар бизга панд бериб қўйди. Агар хатолар бўлмаганида натижа ҳам бошқачароқ бўларди.

- Бугунги учрашувдан кейин “Сурхон”нинг келажаги қандай?

- Албатта, “Сурхон”да келажак бор. Бу эса футболчиларга ҳам боғлиқ. Уларга тўғри йўналишни кўрсатиб беряпмиз, бу ҳужумкор футбол. Жамоамизда яхши келажак бор ва бу борада ишлашда давом этамиз. Йигитларимизга йўналиш беряпмиз ва уларга Европа чемпионати ўйинларини кўрсатяпмиз. Мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Наманганга узоқ йўл босиб келишди.

- “Сурхон”нинг мақсади қандай?

- Олдинги матбуот анжуманларида ҳам айтгандим, мақсадимиз ўтган йилги натижани бу йил ҳам такрорлаш.     

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шоим Зарипов
01/04/2024 12:50
Баракалла йигитлар Кашкадарё сиз билан сизларга омад.