"Сурхон" янги футболчиларни таништирди

Бундан бир неча соатлар олдин Термиз давлат университети мажлислар залида, “Сурхон” футбол клуби футболчиларини таништирув маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сурхондарё Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Вилоят хокими Эркинжон Турдимов, “Сурхон” футбол клуби директори Абдуғани Сангинов, барчамизга ўзининг ширали овози билан машҳур бўлган шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, “Сурхон” футбол клубининг барча футболчилари ва мураббийлари ва фан клуб аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирни Вилоят хокими Эркинжон Турдимов очиб бердилар.

"Бахор ойининг илк кунида сизлар билан учрашиб турганимдан хурсандман. Футбол бу миллионлар ўйини. Футболни бутун дунёда севишади. Бизнинг воҳамиз Сурхондарёда ҳам футбол соҳасида катта ўзгаришлар бўлиб ўтмоқда. Ўтган қили янги шакллантирилган жамоа биринчи лига баҳсларида 5-ўринни қўлга киритди. Бу йили эса жамоага бир қатор тажрибали ва маҳоратли футболчилар жалб этилди. Бу йилги Про–лига баҳслари аввалгиларидан анча фарқ қилади. Бизнинг энг асосий мақсадимиз Суперлигага чиқишдир", - дейди Эркинжон Оқбўтаевич.

Шундан сўнг клуб директори Абдуғани Сангинов ҳам ўз фикрларини билдирди:

"Сурхон халқи азал – азалдан футболни севади. Хусусан, мен Сариосиёнинг “Тўпаланг” жамоасида ишлаган пайтларимда ҳам стадионлар муҳлислар билан тўлар эди. Тан олиш керакки сўнгги йилларда футболимизда анча шўнғиш бўлди. Лекин мен “Сурхон” жамоасини яна Супер – лигага қайтариш учун келдим. Тўғри бу осон иш эмас лекин удалласа бўладиган иш. Мен жамоага таклиф этилган барча футболчилар билан шахсан ўзим алоҳида гаплашдим. Уларга керакли вазифаларни қўйдим. Мен ишонаманки, футболчиларимиз бизни ишончимизни оқлашади", - дейди Абдуғани Сангинов.

Сўнгра жамоага янги келиб қўшилган футболчилар омма олдида бирма – бир таништирилди. Уларга ўзлари танлаган рақамлари туширилган футболкалар Вилоят хокими Эркинжон Турдимов ва Абдуғани Сангинов томонидан топширилди. Тадбир сўнгида жамоа бош мураббийи Дилшот Нуралиев, тажрибали футболчилар Бахриддин Вахобов ва Ислом Иномов йиғилганларнинг саволларига жавоб бердилар. Бир сўз билан айтганда тадбир кўтаринки руҳда ўтди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!