"Сурхон"да қандай жамоа шаклланганини чемпионатда кўрасизлар". Бобур Акбаров "Қўқон-1912"дан кетиши, мавсумнинг янги топ-клублари ва Анхель Лопес ҳақида
Термизнинг “Сурхон” жамоаси Тошкентда тайёргарлик кўриб келмоқда. У ерда қандай ўзгаришлар юз бераётганини Sports.uz сайти орқали батафсил ёритиб келяпмиз.
Таркибга легионерлардан ташқари ўзимизнинг маҳаллий футболчилар ҳам таклиф қилинган. Уларнинг орасида кўзга кўринганларидан бири бу Бобур Акбаров. Андижонлик тажрибали ҳимоячи икки йил мобайнида “Қўқон-1912”да тўп сурди. Шартнома якунлангач, футболчи эркин агентга айланди.
Яқинда “Сурхон” томонидан жиддий таклиф келиб тушгани боис Бобур янгиланаётган термизликлар клубига ўтишни маъқул кўрди. Акбаров Sports.uz мухбири билан мулоқотда бир қатор масалалар бўйича фикрини билдирди.
“Ҳар нарсани охири бўлганидек...”
- Сўнгги икки йил давомида “Қўқон-1912” жамоасида тўп сурдим ва бемалол айтишим мумкинки, ушбу икки йилни жамоа билан бир оиладек ўтказдик. Мураббийлар бизни бир мақсад йўлида бирлаштира олдилар. Буни ҳар икки мавсумда ҳам эгаллаган ўрнимиздан билиб олиш мумкин. Аввалига 5-ўрин, кейинги йилда эса 8-поғонадан жой олдик. Ўтган йилги чемпионатда ўз майдонимиздаги учрашувларда омад биздан бироз юз ўгиргандек туюлди. Аксарият ўйинларда охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, ғалабаларни қўлдан чиқардик. Шунда бўлса-да, юртимизнинг гранд клубларидан очко олишга эришдик. Якунда 8-ўринда тугатдик. Ҳар нарсани охири бўлганидек, мен ҳам Қўқон жамоасини тарк этдим. У ерда ўтказган давримни ҳаётим давомида фақат илиқ хотиралар билан эслайман.
“Навбаҳор” ва “Нефтчи”ни алоҳида эътироф этса бўлади”
- Ҳозирги кунда барча жамоалар янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Ҳар бир клуб ўзининг ўйин услуби бўйича трансферларни амалга оширмоқда. “Навбаҳор”, “Нефтчи” ва “Қизилқум” бу борада анчагина фаол бўлишди. Бундан шуни тушуниш мумкинки, бу клубларнинг мақсади жуда жиддий. Айниқса, водийнинг икки клуби – “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи”ни алоҳида эътироф этса бўлади.
“Бахтиёр Ашурматовга миннатдорлик билдираман”
- Тўғри, кўп йиллар мобайнида бир жамоада ишладик. Қолаверса, Бахтиёр Ашурматов катта футболга кириб келишимга ҳам қайсидир маънода сабабчи бўлган. Ашурматовни футболчилик фаолиятини ҳамма яхши эсласа керак. У майдонда ҳақиқий жангчи ва борини бериб ҳаракат қиларди. Менда шу жиҳатлар бор. Майдонга тушганимда ўзимни ҳам, рақибни ҳам аяб ўтирмайман. Балки шунинг учун бўлса керак, ушбу мураббий билан кўп йил бирга ишлаганмиз. Бунинг учун Бахтиёр Ашурматовга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
“Сурхон”ни танлашимга сабаб...”
- Олдимда бир нечта вариантлар бор эди. Суперлига ҳамда про лига клубларидан қизиқишлар бўлди. Мен эса “Сурхон” вариантини танладим. Сабаби, бу клубда испаниялик мураббийлар иш бошлайдиган бўлди. Улар билан ишлаш менга жуда ҳам қизиқарли бўлади, деб ўйладим. Легионер бўлиб тўп сурганимда бразилиялик мураббийлар қўл остида ўйнагандим. Улар билан ишлаш ўзгача бўлганди. Шундан келиб чиқиб, испанлар билан ишлаб фаолиятимда яна бироз ўзгаришни мақсад қилдим.
“Анхелнинг ўз принциплари бор”
- Анхель Лопес ёш бўлишига қарамай, шу вақтгача бир нечта давлатларда ишлашга улгурган. Истеъдодли мутахассис. Ўзига яраша принциплари бор. Ўйлайманки, бу мураббий билан “Сурхон”да қандай жамоа шаклланганини чемпионат мобайнида барча гувоҳ бўлади. Анхелнинг юртимизга ташрифи бежиз эмаслигини жамоамиз ўзгача футбол намойиш этиши орқали кўрсатади ва шу билан бирга ўйинчилар оддий футболга эмас, балки футбол майдони бўйлаб жанг қилишимиз кераклигини кундан-кунга уқтириб боряпти. Келганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, унинг маҳаллий мураббийлардан фарқи шуки, доимо ўз ишига интенсив ва агрессив ёндашиб, футболчилардан ҳам айнан шу жиҳатларни талаб қилади. Жамоамиз билан айнан ушбу вазиятлар устида бирдек тер тўкяпмиз. Ўйлайманки, бу жиҳатлар ўз мевасини беришини ҳамда кучимизни чемпионатимиз ўйинлари орқали исботлашга ҳаракат қиламиз.
“Чемпион бўлишга муносиб клублар кўпаймоқда”
- Ўтган мавсум анчагина қизиқарли ўйинлар гувоҳи бўлдик. “Сўғдиёна” ва АГМК аллақачон топ-клуб бўлишга улгурди. Бу йилдан бундай тор-клубларимиз сони ортганини ҳам трансферлар орқали кўриб турибмиз. Ютримизда “Пахтакор”нинг ўрни беқиёс ва бу жамоани ҳеч қачон чемпион бўлишдан йироқда деб ҳисобламайман. Айнан бир клубни яққол фаворит деб айта олмайман. Чемпион бўлишга муносиб клубларимиз кўпаймоқда. Айнан шулар қаторида водий жамоалари ҳам шай ҳолатга келиб улгурди (умид қиламанки, келаси йили “Андижон” ҳам шундай жамоа сифатида элитага қайтади). Барчамиз орзиқиб кутган кунларимизга ҳам оз фурсат қолди. Чемпионат узоқ давом этади. Бу йилги мавсум ҳам анчагина интригаларга бой руҳда ўтади, деб бемалол айтсам бўлади. Барча жамоаларга омад тилайман.
Фикрлар