“Сурхон”дан “Термизча” юриш ёхуд Рустам Мирсодиқов “Сурхон”да

Вақт ўтган сари про-лигадаги кураш ва ундаги интрига ҳам қизигандан қизиб боряпти. Табиийки, барча эътибор “А” гуруҳига қаратилган. Суперлиганинг янги иштирокчиси номи ҳозирданоқ қизғин баҳс-муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳам рост. Ҳозирга келиб эса турнир жадвалида қуйидагича кўринишга эга: “Андижон” жамоаси 41 очко билан якка пешқадамлага айланган бўлса, “Сурхон” 36 очко билан 2-ўринда боряпти. Фарғонанинг “Истиқлол”и эса 35 очко билан учинчи ўринда. Суперлига учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланган “Машъал” эса 33 очко билан 4-ўринга тушиб қолгани янада ажабланарли.

Тан олиш керакки, “Андижон” клуби Суперлига учун дадил қадам ташлаяпти. Айниқса, яқин таъқибчиларини сезиларли даражада ортда қолдираётгани сабабли ҳозирданоқ андижонликларни бир оёғи билан Суперлигага чиқариб қўйишаётгани ҳам бор гап. Дарҳақиқат, интрига юқорилиги боис у ерда ҳам бир қатор кутилмаган натижалар кузатиляпти. Лекин “Андижон” жамоаси ҳозирча ўзи иштирок этаётган ўйинларда, айниқса, таъқибчиларига қарши беллашувларда омадли иштирок этяпти. Термизда “Сурхон”ни йирик ҳисобда енггани, ўз уйида “Машаъл”ни ҳам мағлуб этиши натижасида улардан илгарилаб кетяпти. Лекин ўз майдонида “Шўртан”га имкониятни бой бергани кутилмаган ҳолат бўлди. Аслида эса ғузорликлар етакчиларнинг “кушандаси”га айланиб бормоқда. Улар биринчи босқичда ҳам “Андижон” майдонида ғалаба қозониб қайтганди. Бу сафар ҳам ушбу ишни такрорлашди. Қолаверса, Термизда “Сурхон”ни ҳам енгга олди. Дарвоқе, шу ўринда “Сурхон” ҳақида тўхталиб ўтмасак бўлмасди. Ўз уйида “Андижон”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйганидан кейин “Норин” майдонида сал бўлмаса яна мағлубиятга учраши мумкин эди. Аммо сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди. Бош мураббийликка Игорь Шквирин келган пайтида кўпчилик “Сурхон”нинг Суперлигага чиқиш имкониятларини анча юқори баҳолашганди. Аммо тажрибали мураббий ҳозирча қийинчиликларга дуч келмоқда. Кўриниб турибдики, ҳар қандай мутахассис ҳам про-лигада ҳам бирданига ишлаб кета олмайди. Шквирин бунгача собиқ олий лигада ишлаб ўзини кўрсатган, унинг ҳавосини яхши билади. Аммо бу – про-лига! Балки Шквирин бу чемпионатнинг муҳитига ҳозирча мослаша олмаётгандир. Чунки “Сурхон” ушбу мураббий бошчилигида ўз йўлини топиб олганича йўқ. Гарчи мақсади жиддий бўлса-да, қимматли очколарни йўқотаётгани маҳаллий мухлисларни қаттиқ ҳавотирга солмоқда. Ҳатто “Андижон”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйганидан сўнг Игорь Анатольевичнинг ишдан бўшаганлиги ҳақидаги хабарлар ҳам тарқади. Чунки мураббий бир-икки кун жамоа машғулотига келмаган. Лекин кейинчалик бу хабар асоссиз бўлиб чиқди. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти “Сурхон”ни Суперлигага олиб чиқиш йўлидан қайтмаган кўринади. Боиси, эндиликда жамоада тажрибали Рустам Мирсодиқов ҳам ишлайдиган бўлди. Унинг яна футболга қайтгани кенг жамоатчиликни беэътибор қолдиргани йўқ. Маълумки, Рустам Тўхтамуродович 2008 йилдан 2017 йилгача “Металлург” клубини бошқарганини яхши биласиз. Қолаверса, у мураббийлик фаолияти давомида “Пахтакор”, собиқ “Дўстлик”, “Қизилқум”, “Локомотив”, “Навбаҳор” каби клубларда ҳам ишлаган. “Сурхон” эса Мирсодиқовнинг фаолиятида янги жамоага айланди. Хўш, ушбу мураббийнинг “Сурхон”да иш бошлагани нимани англатади? Табиийки, энди Шквирин ва Мирсодиқов тандеми ҳосил бўлди. Бу иккала мураббий бир-бири билан жуда аҳил. Ҳаттоки, бунгача ҳам улар “Металлург”да бирга ишлашган. Шквирин Олмалиқдан кетган пайтида Мирсодиқов уни ўз жамоасига селекционер мураббий сифатида ишга олганди. Қайтар дунё деганларидек, эндиликда Шквирин Мирсодиқовни ҳамкорликка чорлади. Лекин фарқи шундаки, Игорь Анатольевич ҳозирги пайтга келиб бироз мушкул вазиятга тушиб қолган. Шунинг учун Мирсодиқовни дарҳол ёрдамга чорлади. Мақсад битта: фақат Суперлигага чиқиш. Ҳали мавсум давом этишини ҳисобга олсак, олдинда ўйинлар кўп. Шу боис термизликлар олдиндан таслим бўлишмоқчи эмас. Шундай экан, ҳозирги қийин пайтда Мирсодиқов номзоди маъқулланган ҳолда “Сурхон”дан ўзига хос тарзда “термизча” юриш бўлди десак муболаға бўлмайди. Биз Мирсодиқов билан янги ишга ўтгани билан табрикладик ва суҳбатлашиш ниятимиз борлигини ҳам билдирдик. Аммо ўзи биринчи ўйинни ўтказиб олганидан сўнг гаплашишга рози бўлишини айтди. Демак, Термизда “Динамо”га қарши учрашув унинг учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳеч кимга сир эмаски, Рустам Тўхтамуродовичнинг футболимизда ўз ўрни ва мавқеи бор. Уни ҳамма ҳурмат қилади. Ҳозирги шароитда эса “Сурхон”га Мирсодиқовнинг тажрибаси қўл келиши мумкин. Тўғри, у жамоада техник директор сифатида иш бошлади. Бироқ “Сурхон”ни Суперлигага олиб чиқиш учун Шквирин билан биргаликда меҳнат қилиши шубҳасиз. У мураббий, шундай экан, техник директорлик лавозими шунчаки қоғозда ёзилади, амалда эса Рустам Тўхтамуродович бутун эътибори ва тажрибасини ишга солган ҳолда “Сурхон”ни ўз мақсади сари етаклашга уриниб кўради. Тан олиш лозимки, Шквириннинг бир ўзи қийналиб қолганди ва жамоани Суперлигага олиб чиқа олмаслиги кўриниб қолганди. Мана шундай пайтда Мирсодиқовдек мутахассиснинг келишини эса гўёки қутқарувчи ролида кўришимиз ҳам мумкин. Лекин бундан буёғига термизликларнинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Уларнинг асосий рақиби эса “Андижон”. Лекин ҳали андижонликлар ҳам бир тур дам оладилар. Шунинг учун “А” гуруҳидаги кураш ва интрига охиригача давом этади.

“Машъал” эса негадир курашдан четга чиққандек тасаввур уйғотмоқда. Ҳаттоки, “Истиқлол”ни ҳам ўзидан олдинга ўтказиб юбориб, ўзлари 4-ўринга тушиб қолишди. Ёзда шундай гап тарқаганди: яъни, “Машъал”да Суперлигага чиқиш вазифаси кун тартибидан олиб ташланган! Чунки клубда молиявий томондан муаммолар йўқ эмасди. Аммо бу қанчалик ҳақиқатга яқин қоронғу. Лекин жамоанинг қайд этаётган натижаларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўша айтилган гап-сўзлар ростга ўхшаб кўринмоқда. Бу ёқда эса “Динамо” клуби “отни қамчилаб” келаётганини кўриш мумкин. Фарғонада эса “Истиқлол” ҳам бўш келгиси келмаяпти. Мана шундай вазиятда “Сурхон” клуби ўз ўрнини йўқотиб қўйиши катта эҳтимолга айланиб қолаётганди. Тўғри, Мирсодиқов сеҳргар эмас, аммо у ҳам бирор ишни бажаришга кўзи етмаса келмаса керак-а?! Бу эса “Андижон” ва Элдор Сакаев учун огоҳлик қўнғироғи бўлса ҳам ажаб эмас. Қувонарлиси шуки, энди про-лигадаги муросасиз ва кураш бундан-да қизғин тус олади. Шу боис нафақат “Сурхон”, балки юқори ўринлардаги бошқа жамоаларнинг ҳам очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Шквирин эплай олмаётган ишни, Мирсодиқов қанчалик бажара олиши ҳам биз учун жуда қизиқ. “А” гуруҳидаги кучли интрига футболимиз учун қанчалик фойдали эканлигини вақт кўрсатади. 

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Djamoliddin Dusalov
04/09/2018 13:33
Адолат хакикат булса булди афсус бизда хакамлар савияаси паст