"Сурхон"ни иккинчи даврада қайси мутахассис бошқаради? Спорт директори вазиятга ойдинлик киритди
Юртимизда трансфер ойнаси очилган пайтда эътибор Суперлига клубларидаги ўзгаришларга қаратилиши шубҳасиз. Чунки ҳозир ўқувчиларни клублар таркибидаги келди-кетдилар қизиқтиради.
Шу мақсадда, имкон қадар sports.uz сайти орқали клубларнинг расмий вакиллари билан боғланиб, охирги ўзгаришлардан сиз ўқувчиларни воқиф қилишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз.
Жумладан, Термизнинг “Сурхон” клубида қандай ўзгаришлар юз бераётгани ҳам эътиборимиздан четга чиққани йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда яқинда жамоага спорт директори этиб тайинланган Абдумажид Тоиров “Сурхон”га клубига тааллуқли бир қатор масалалар юзасидан фикрларини билдирди.
- Ёзги йиғинимиздаги тайёргарлигимиз мураббийлар тузган режа асосида давом этяпти, - дея гап бошлади Тоиров. - Машғулотларимиз 25 июлгача ўртоқлик ўйинлар билан аралаштирилган ҳолда олиб борилади. Масалан, шундай бўладики, эрталаб машғулот, кечки пайт ўйин. Таркиб борасидаги ўзгаришлар ҳали кўп эмас. 25 июлга қадар бу масалада ҳам аниқ бир тўхтамга келамиз. 23 июль куни “Қизилқум”, 25 июлда “Навбаҳор” билан ўйнаймиз. Айрим позицияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпмиз. Бир қатор чизиқларимизда кўрикдан ўтаётган янги футболчилар ҳам бор. Келаси ҳафтанинг душанба кунига аниқ таркиб бўйича маълумот беришимиз мумкин. Гарчи оғзаки келишувларга эришган бўлсак-да, ҳали ҳеч ким билан расман шартнома имзолангани йўқ.
- Россиялик футболчи Сиявуш Ҳабибуллоевнинг ҳаракатлари ёқяптими?
- Ҳабибуллоев масаласи ҳам яқин кунларда аниқ бўлади. У яхши футболчи экан. Яна иккита ўйинимиз бор, кейин якуний қарорга келамиз.
- Жамоага келиши мумкин бўлган ўйинчилар маҳаллийми ёки легионерларми?
- Маҳаллий футболчилар. Аммо уларнинг орасида хорижда ўйнаб юрган ўзимизнинг ўйинчиларимиз ҳам бор.
- Клубни аниқ тарк этган футболчилар ҳақида айта оласизми?
- “Сурхон” жамоасини расмий жиҳатдан ҳали ҳеч ким тарк этмади. Тўғри, бир нечта футболчиларга жавоб берганмиз. Уларга ўзлари учун янги клуб қидиришга рухсат берилган. Қолаверса, ўзимиз ҳам улар учун янги жамоа топишга ҳаракат қиляпмиз.
- Яқинда интервью бериб, янги бош мураббий масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида айтгандингиз. Бу борадаги ишлар нима бўлди?
- Ҳозирча Баҳром Ҳайдаровга ишонч билдирганмиз. Шу мутахассисни ўзи жамоани бошқариб туради.
- Демак, иккинчи даврада “Сурхон”га Ҳайдаров бош мураббийлик қилишда давом этадими?
- Ҳа, кўпроқ шунақа.
- Бошқа мутахассислар билан музокаралар ўхшамадими ёки раҳбариятнинг фикри ўзгардими?
- Режа ўзгарди десак ҳам бўлади. Баҳром Ҳайдаров мавсум бошидан Руфат Акрамхўжаевга ёрдам бериб келди. У жамоанинг ички муҳитини ва футболчиларнинг имкониятларини яхши билади. Раҳбарият шуни ҳисобга олди ва иккинчи даврада ҳам Баҳром Ҳайдаровга ишонч билдирилади.
- Шунингдек, “Сурхон”нинг сербиялик собиқ легионери Дарко Станоевич билан ҳам қарздорлик масаласидаги муаммоси борлиги ҳақида эшитдик...
- Тўғриси, Дарко Станоевич билан боғлиқ вазиятдан бехабарман. Чунки ҳаммаси олдин юз берган. Лекин клуб президенти билан гаплашганимда Станоевич муаммосини яқин кунларда ҳал бўлиши ҳақида айтган. Балки 26 июлгача барча муаммо бартараф этилиши мумкин.
- “Сурхон”нинг олиб бораётган тайёргарлик жараёнларидан келиб чиқиб, жамоанинг Суперлигада қолиш имконияти ҳақида қандай хулосаларга келяпсиз?
- “Сурхон” жамоаси нафақат Суперлигада қолади, балки биз юқори поғоналар учун курашамиз. Тайёргарлигимиз яхши кетяпти. Агар биз хоҳлаган футболчилар билан келишувга эриша олсак, ўйлашимча, “Сурхон” бемалол 8-ўринга курашишга имконияти етади. Ҳаммаси клубдаги ҳар бир инсоннинг ўз ишига профессионал ёндашишига боғлиқ.
Фикрлар