"Сурхон"нинг йирик ҳисобдаги мағлубиятига нима сабаб? Бош мураббий жавоб берди

“Насаф” – “Сурхон” (6:0) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Руфат Акрамхўжаев матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- “Насаф”ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Бу учрашув футболчиларимизнинг даражасини кўрсатиб қўйди, айниқса, тактик ва жисмоний томондан қанчалик тайёрлигини. Биринчи бўлимда ҳаммаси яхши эди. Иккинчи бўлимдаги иккита гол ҳаммасини ўзгартириб юборди. Руҳий томондан йигитлар тушкунликка тушиб қолишди.

- “Сурхон”нинг охирги пайтларда ўйини қовушмаяпти. Сабаби нимада?

- Бир нарса дейишим қийин. “Сўғдиёна” билан баҳсда омад юз ўгирди. Ҳозир бу тўғрисида бирор нима дейишга қийналаман. Сабаби, омад етишмаяпти. Бугунги ўйинда руҳий тарафдан таъсир қилди. Бу кетма-кет учинчи мағлубиятимизга айланди.

- Ўйин давомида “Сурхон” футболчилари “Насаф” дарвозасига уч марта зарба беришди, шундан биттаси аниқ. Жамоага ҳимояда тўп суришга топшириқ бўлганмиди?

- “Насаф” қанотдан яхши ҳужумлар ташкил этади. Шуни ўрганиб чиққандик. Афсуски, стандартдан пала-партишлик билан гол ўтказиб юбордик. Шундан кейин майдонда ҳаммаси ўзгарди. Ҳар доим ғалаба учун тушамиз. Голлар ўтказгач, ўйин суръатини ўзгартириш учун интилдик. Бироқ бунга эриша олмадик.

- Жамоани тажрибали ўйинчилар тарк этганди. Балки селекция ишларида аниқ мақсадга эришилмадими?

- Селекция даражаси бўйича ёшларга эътиборни оширдик. Шунинг учун айрим ўйинчилардан воз кечишга мажбур эдик. Лекин уч-тўртта тажрибали футболчиларимиз бор.

- Жамоанинг моддий-техник базаси қандай?

- Бу оилавий сир. Шунинг учун бу ҳақида менга савол бермасангиз яхши бўларди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!