Таэквондо WT. 150 га яқин давлат иштирок этган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 11-ўринни эгаллади, мезбон Озарбайжон эса медалсиз қолди
Хабар берганимиздек, бугун Боку шаҳрида таэквондо WT бўйича жаҳон чемпионати якунига етди.
Озарбайжон пойтахти мезбонлигида ўтган мусобақада сайёрамизнинг 144 давлатидан 1000 нафарга яқин таэквондочи иштирок этди. Эътиборлиси, жаҳон чемпионатида 1 та кумуш ва 3 та бронзага эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси якунда умумжамоа ҳисобида 11-ўринни эгаллади. Бу кўрсатгич бўйича терма жамоамиз АҚШ, Хитой, Бразилия, Япония, Автралия ва Мексика каби етакчи давлатларни ортда қолдиришга эришди.
Вакилларимиз Осиё қитъаси кесимида оладиган бўлсак, таэквондо ватани Жанубий Корея, Эрон ҳамда Таиланд терма жамоаларидан сўнг 4-ўринни банд этди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати мусобақа мезбони ҳисобланган Озарбайжон терма жамоаси ўз уйиди бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида биронта ҳам медаль қўлга кирита олмади. Бу эса мусобақалар нақадар шиддатли ва муросасиз кечганига яна бир исбот бўла олади.
Биз эса таэквондочиларимизга келгуси мусобақаларда бунданда юқори марраларни забт этишларини тилаб қоламиз.
Фикрлар