Таэквондочиларимиз медаллари кўп бўлди...
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида таэквондонинг ВТ йўналиши бўйича “Almaty open - 2024” анъанавий чемпионати юртимиз шарафини ҳимоя қилган “Торнадо” клубининг “Муҳаммадзиё” жамоаси умумий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади.
Ушбу мусобақада дунёнинг турли мамлакатиларидан келган спортчилар болалар ва катталар ўртасидаги беллашувларда ғолиблик учун куч синашди.
Нуфузли турнирда юртимиз шарафини “Торнадо” клубининг “Муҳаммадзиё” жамоасида таэквондо сир-асрорларини ўрганаётган 35 нафар спортчи ҳимоя қилди. Уларни беллашувларга беш мураббий – Аҳрор Асроров, Абдураҳмон Хўжабеков, Ғофуржон Тошбоев, Зубайр Марифов ҳамда Ирода Ўсарова тайёрлаган.
Мусобақада таэквондочиларимиз 20 та олтин ва 4 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Болалар ўртасидаги беллашувларда Одилжон Низомов, Карим Илёсов, Имрон Рустамов, Муҳаммадсодиқ Баситов, Муҳаммадюсуф Баситов, Абубакир Анваров, Абдураҳмон Худойбердиев, Муҳаммадамин Зуҳриддиновнинг истеъдоди юқори баҳоланди.
Қизлар мусобақасида Ширин Қаюмхўжаева, Анастасия Зикова, Нурзода Аъзамованинг чиқишлари мухлису мутахассисларга айниқса манзур бўлди.
Катталар ўртасидаги баҳсларда Мустафо Ризаев, Сардор Азизов, Амирбек Исроилов, Улуғбек Мирзакаримов, Жавоҳир Ирисбоев, Сардор Мирзаев, Абдуллоҳ Тулқунов юқори натижаларни қайд этди.
- “Almaty open” аънавий турнири жамоамиз аъзолари учун ҳар томонлама манфаатли бўлди. Мусобақа олдидан маҳаллий клублар билан ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилдик, жамоавий ўртоқлик беллашувлар ёрдамида шогирдларимизнинг маҳорати ва тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратдик.
Таэквондочиларимизнинг тайёргарлиги пухта ва тўлиқ бўлгани мусобақада қўлган киритилган натижалар орқали ўз исботини топди.
Қозоғистондаги ўқув-машғулот йиғини жараёнида “Almaty open-2024” турнирида қатнашган спортчиларимиздан ташқари жамоамизда шуғулланаётган ва Ўзбекистон терма жамоасига аъзо шогирдларимиз ҳам иштирок этди. Ана шундай таэквондочилардан Аҳмад Солиҳов, Козим Рустамов ва Нозима Раҳимжонова анча маҳоратли спортчилар ҳисобланади.
Улар гарчи мусобақада иштирок этмаган бўлса-да, машғулотларда фаоллик кўрсатди, ёш спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, уларни беллашувларга тайёрлашда биз мураббийларга яқиндан кўмакчи бўлди.
“Муҳаммадзиё” жамоаси вакилларининг мусобақадаги натижаларидан биз устоз-мураббийлар тўлиқ қониқиш ҳосил қилдик, - деди “Муҳаммадзиё” жамоаси мураббийи ва асосчиси Аҳрор Асроров.
Эслатиб ўтамиз, “Муҳаммадзиё” жамоаси таэквондочилари яқинда Грузиянинг Батуми шаҳри мезбонлик қилган “Batumi open – 2024” чемпионатида медаллар шодасини қўлга киритган эди.
Таэквондочиларимизнинг ҳар бири медаль олди
Фикрлар