Таркибни ким тузди? Қолган легионерлар нега чақирилмади? Ёхуд Равшан Ҳайдаров Катанецга қайси тарафлама кўмаклашяпти?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сречко Катанец бошчилигида илк йиғинни бошлади. Билган бўлсангиз, янги мураббийга маҳаллий мутахассисларимиздан Равшан Ҳайдаров яқиндан ёрдамлашяпти. У Катанец келган кундан бошлаб ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашиб, футболимизни яқиндан таништиряпти.
- Бош мураббий танланишидан олдин ЎФА раҳбарияти, мураббийлар кенгаши томонидан барчаси атрофлича ўрганиб чиқилди, - деб гап бошлади, Ҳайдаров. - Бизга қандай мутахассис керак, терма жамоалар билан ишлаш асосий ўринда туриши, Ўзбекистонда ишлаш хоҳиши, яхши шаклланган мураббийлар штабига эга бўлиши каби талабларга биноан бир қатор мутахассислар билан музокараларга киришилди. Якунда эса Сречко Катанец бизга ҳар тарафлама тўғри келадиган мураббий бўлиб чиқди ва унинг номзоди қабул қилинди. Бир неча кун илгари Тошкентга етиб келиб, футболимиз ҳамда шароитлар билан яқиндан танишди. Кеча шартномага қўл қўйди.
- Катанецнинг мураббийлар штабида албатта ўзимизнинг мутахассис ҳам бўлиши кераклиги ҳақида фикрлар билдириляпти. Шу боис сизни унга яқиндан ёрдам бераётганингиз ҳақида ҳам эшитяпмиз.
- Вазият шундайки, албатта, иш бошида Катанец ва унинг штабига киришиб кетиш учун ёрдам керак. Бу борада эса биз барчамиз кўмаклашишимиз керак. Тимур Кападзе, мен, Сервер Жепаров, яъни, ёшлар ва олимпия терма жамоалари мураббийлари билан биргаликда бу жараёнда фаол қатнашишимиз керак. Мураббийнинг иш услуби, талаблари каби жараёнларида бевосита биз ҳам бўлишимиз ва ўзимизда ҳис қилишимиз лозим. Албатта, уларга маҳаллий мутахассисларнинг ёрдам кўрсатиши мантиқан ҳам тўғри. Иш бошлаш жараёнида футболчилар ва шароитлар билан таништиришда ёрдамлашяпмиз. Ўзимиз тарафдан мураббийлар кенгашини сайлаганмиз. Барчамиз биргаликда ёрдам беришимиз лозим. Ҳозирча янги мураббийлар футболчиларимизни яхши билишмайди. Лекин ўзлари ҳам барчасини таҳлил қилиб, терма жамоа ўйинларини ўрганган ҳолда келишган. Жамоани ва футболчиларни видео орқали бўлса ҳам биладилар. Мураббийлар кенгаши билан биргаликда Катанец бошчилигидаги мураббийлар штабига футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатини тақдим этдик. Бир ҳафта давомида ўйинларни кўришди. Натижада эълон қилинган ўйинчилар рўйхатини йиғинга жалб қилишга қарор қилинди. Вақт ўтганидан кейин улар ўзлари мустақил равишда бемалол қарор чиқарадилар. Аммо биз ҳар тарафлама кўмаклашишга тайёрмиз.
- Катанец бошчилигидаги илк йиғин учун футболчилар рўйхатини сиз тузиб чиққанингиз ҳақида маълумотга эга бўлдим. Бош мураббийнинг таркиб бўйича муносабати қандай?
- Таркиб кенгайтирилган эди. Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Усмон Тошев, Шамиль Исеев каби мураббийлар кенгаши аъзолари билан биргаликда таркибни тузиб чиқдик. Рўйхат бўйича янги мураббийлар футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларини ўрганиб чиқдилар. Масалан, “Пахтакор” ўйинлари ва машғулотларини кузатдилар. Қолаверса, Қарши ва Жиззахдаги учрашувларни ҳам кўрдилар. Натижада шулардан кейин якуний таркиб келиб чиқди. Лекин кенгайтирилган рўйхатимизда айниқса, бир қанча легионерларимиз ҳам бор. Мисол учун Жанубий Кореяда Рустам Ашурматов, Икром Алибоев, Жамшид Искандеров кабилар чақирилмади. Буларнинг сабаби бор. Кореяда ҳалигача мамлакатдан чиқиб яна кирганидан сўнг, 14 кунлик карантин амалда экан. Шунинг учун уларга ҳозирча тегмасликка қарор қилдик. Бу йиғинда бўлмаса, кейингиларида мураббийлар албатта уларни ҳам кўрадилар. Терма жамоанинг олдинги ўйинларига бориб келганидан кейин ушбу легионерларимиз карантинда қолишига мажбур бўлдилар. Қолган легионерлар бўйича тўхталсам, масалан, Жасур Яхшибоев жароҳатидан энди фориғ бўлиб, машғулотларга қўшилган. Остон Ўрунов клубдан-клубга ўтиш жараёнида бўлди. Таркибни шакллантираётган пайтимизда албатта футболчиларнинг виза масаласи бўйича ҳам шуғулланишимиз керак. Бу масалада муаммоси бўлмаган легионерларни чақирдик.
- Сардор Рашидов нима учун таркибдан четда қолди?
- Рашидов ҳам кенгайтирилган рўйхатда бор. Мураббийлар уни яхши танишади. Битта йиғинга ҳамма ўйинчини чақиришнинг имкони йўқ. Ҳали вақт бор. Футболчилар билан танишув жараёни энди бошланяпти. Кеча футболимиз президенти мураббийга қўйган талаблари жаҳон чемпионатига олиб чиқиш ва янги ёшартирилган жамоани шакллантириш вазифаси қўйилди. Бош мураббий ҳам кўпроқ ёшларга эътибор беришни яхши тушуниб турибди. Лекин ҳеч қайси ўйинчи мураббийларнинг назаридан четдан қолмайди деб ўйлайман. Ким ўзини кўрсатса, албатта чақирилади.
Фикрлар