Ташқи томондан урилган гол ҳақида: буни мўъжизага қиёслаш мумкин ёхуд Бахтиёр Ашурматов қандай вазиятда фэйр-плейга амал қилишини айтди
Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган “Машъал” – “Қўқон-1912” (0:2) ўртасидаги ўйин ҳам яна муҳокамаларга сабаб бўляпти. Чунки ўйинда киритилган биринчи гол дарвозанинг ташқи томонидан кириб кетди. Учрашувдан кейин қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов бу борада шундай деди:
- Биринчи голга фикрингизни билдирсангиз.
- Гапнинг очиғи, буни мўъжизага қиёслаш мумкин. Қайта-қайта кўргандан кейин ҳам аниқлаштириш қийин бўляпти. Ҳозир яна такроран кўрганимизда, тўп ташқи томондан кирганга ўхшаяпти. Ўйин пайтида хулоса чиқариш қийин эди. Ўша вазиятда футболчимиз ҳам гол бўлди, деб ҳисоблади. Голдан кейин мезбонлар эътироз билдиришди. Аммо атайин ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбориш нотўғри бўларди. Мана, энди такроран ўша голни кўриб чиқяпмиз. Яна қайтараман, бу каби голни мўъжизага қиёслаш мумкин. Йигитларимиз бугун ўз меҳнатлари билан ғалабага мос ўйин кўрсатишди. Ўйлайманки, ҳаққоний ғалабага эришдик.
- Зарба берган Мелиев эди. У гол деяптими?
- Ўйин пайтида ундан сўраганимда гол, деди. Ўзим биринчи бор кўрганимда ҳам голга ўхшаб туюлди. Буни яна кўриб чиқамиз. Биргина ўша голга тўхталиб олишимиз ҳам нотўғри бўлади. Ҳакам ўша вазиятда тезкор қарор чиқариши керак эди, балки адашгандир. Биз буни телефон орқали кўргандик. Энди каттароқ экранда кўрамиз. Лекин дарвоза сеткаси бутун бўлса, тўпнинг қандай қилиб кириб кетгани ҳам ҳайрон қоладиган вазият. Ўйлайманки, бу ҳолат учун жамоамиз айбдор эмас. Футболчиларимиз ўз ишини қилди, ҳалол футбол ўйнади ва ҳалол меҳнат қилди. Агар бу хато орқали гол бўлган бўлса, унда “Машъал” жамоасига ачинаман ва уларга кейинги ўйинларда омад тилайман. Барибир бугун ўйин бўйича жамоамиз кучлироқ эди.
- Қанот ҳаками ва Мўмин Мелиевга неча баҳодан қўйган бўлардингиз?
- Мелиевга бугунги ўйини учун беш баҳо қўяман. Қанот ҳакамига баҳо қўйиш менинг зиммамга кирмайди. Чунки мен ўз футболчиларимнинг ўйини, камчиликлари ва жамоамиз натижасига жавоб бераман. Бугун мухлисларимиз шунча йўл босиб келишди. Ўйиндан аввал, йигитларимизга учта дурангдан кейин бугун ғалаба қозонишимиз муҳимлигини таъкидладим. “Машъал” меҳнаткаш ва охиригача курашадиган жамоа. Кўплаб ўйинчилари кетган бўлишига қарамай, ҳар бир жамоага муаммо туғдиради. Бизнинг мақсадимиз мухлисларни ғалаба билан хурсанд қилиш эди ва бунга мос ўйнадик. Агар ўша биринчи гол хато туфайли киритилганига 100 фоиз ишончим комил бўлганида, балки фэйр-плейга амал қилиб, ўз дарвозамиздан гол ўтказиб, ўйинни 1:1 дан давом эттиришимиз мумкин эди. Лекин бошқалар ўша вазиятни такрор-такрор кўриб келиб, менга айтишяпти, аммо мен кимнидир гапига ишониб, хулоса чиқаришим қийин эди. Нотўғри гол урилган бўлса ҳам, йигитларимизнинг меҳнатини камайтирмаслиги керак. Футболчиларимга миннатдорлик билдираман, улар катта ҳажмдаги ишни бажаришди.
- Ўша гол урилган пайтда Хомяков билан Ваниев олдингизга келиб, ўз фикрларини айтишди. Ўшанда нималар дейишди?
- Ўзимизнинг ўзаро гапимиз. Аввалига Хомяков қизишиб, гол ўтказиб юборинглар, дегандек гапирди. Аммо кимнингдир гапига ишониб, қандай хулосага келишим мумкин эди? Агар атайин гол ўтказсак, бу ҳам яна ортиқча гап-сўзларга имкон яратиб берарди. Шу боис, ўшанда қандайдир аниқ қарор чиқаришим қийин эди. Агарда ўйинчимиз симуляция қилиб, атайин пенальти ишлаганида, мен унга фэйр-плейга амал қилишини айтиб, гол урмагин, деган бўлардим. Аммо мени Хомяков тушунди. “Машъал” раҳбари Илҳом Қурбонов ҳам бизга эътироз билдирмади. Ўша ҳолатда яна қайтараман, аниқ қарорга келишим осон эмасди. Мухлисларнинг гап-сўзларидан қарор чиқара олмасдим. Ҳакамга баҳо беришни илтимос қиляпсизлар, аммо қўмита бор, улар кўриб чиқишади. Хато қилган бўлса, шунга яраша жазосини олади. Биз мураббийлар ва футболчиларга ўхшаб ҳакамлар ҳам хатоларини камайтириши ва ўз устида ишлашлари керак. Шунда Ўзбекистон футболи ривожланади.
- Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни кучайтиришди. Бу олдиндан ўйлаган режамиди?
- Меҳмонда ўйнаб турганимизни ҳисобга олиб, битта ҳужумчини туширишга қарор қилдик. Нимага Мўмин Мелиев? У бир неча йиллар давомида “Машъал”да ўйнаган. Уни собиқ клуби ва мухлисларига меҳри баланд. Мелиевда имконият бўлади ва гол уради, деган умид бор эди. Ҳа, гол киритди, аммо бу қандай урилгани энди иккинчи масала. У яхши ҳажмдаги ишни бажарди. Шохназар Норбековни захирада қолдирганимизни сабаби аввало биз меҳмонда ўйнаганимиздир. Қолаверса, охирги пайтларда унда голли вазиятлар кам бўлаётганди. Шу боис уни захирадан майдонга туширдик ва бу ўзини оқлади. Якуба Бамбани асосий таркибда туширсак пасайиш бўляпти, захирадан қўшсак ўйинни кучайтиряпти. Иккинчи ўйиндирки, захирадан тушган йигитлар ўйинимизни кучайтиришяпти. “Машъал” жамоаси ва мураббийларига омад тилайман. Мухлислари ҳам биздан хафа бўлишмади, деган умиддаман.
Фикрлар