Темир Майкнинг блогер билан жанги бекор қилиниши керак. Тайсон касал!

20 июль куни Арлингтондаги (АҚШ) “АТ&Т” аренада катта бокс оқшоми бўлиб ўтади. Унда блогер Жейк Пол ва собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсон ўртасида жанг бўлиб ўтади. Айтиш керакки, ушбу жанг профессионал характерга эга бўлади ва бу аллақачон етарли танқидларга сабаб бўлмоқда. Жангда нокаутларга рухсат берилди, шунинг учун кўпчилик 57 ёшли Темир Майкнинг соғлиғи учун курашишни бошлади. Тайсон ёш блогер билан жанг қилиши керак, аммо рақиблар ўртасида 30 ёш тафовут бор. Яқинда эса Тайсон самолётда касал бўлиб қолгани ҳақида хабар тарқалди. Афсона ҳатто шифокорлар ёрдамига мухтож бўлди.

The New York Post газетасининг ёзишича, Темир Майк Майамидан Лос-Анжелесга парвоз пайтида ўзини ёмон ҳис қилган. Тайсоннинг ошқозон яраси безовта қилиши оқибатида кучли оғриқни бошдан кечирди ва кўнгил айниши ҳамда бош айланишидан шикоят қилди. Натижада афсонавий боксчи тиббиёт ходимларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Албатта, жамоа вакиллари ҳозирда Майкнинг аҳволи яхши экани ҳақида хабар беришди. Аммо улар Тайсоннинг соғлиги билан юзага келган сўнгги муаммоларини яширишлари мумкин деган хабарлар мавжуд.

Майк Тайсон и Джейк Пол

“Жаноб Тайсон ошқозон яраси кучайганлиги сабабли ерга қўнишдан 30 дақиқа олдин кўнгил айниши ва бош айланишини бошдан кечира бошлади. Унга ёрдамга келган тиббиёт ходимларидан миннатдор. Бироқ парвознинг кечикишига айнан Майкга кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб бўлгани ҳақидаги хабар ёлғон. Бу икки соатлик кечикиш самолётдаги кондиционер билан боғлиқ муаммолар туфайли рўй берди”, — дейилади Тайсоннинг жамоаси берган хабарда.

Айтиш жоизки, бу Тайсоннинг соғлиги билан боғлиқ сўнгги йиллардаги биринчи хавотирли хабар эмас. 2022 йилда Тайсон белидаги муаммолар туфайли узоқ вақт ҳасса билан юрган ва кейин уни Маями аэропортида ногиронлар аравачасида кўришган. Кейинчалик Тайсоннинг ўзи ҳам унинг соғлигидаги муаммолар сурункали ва жуда жиддий эканлигини тасдиқлаган: "Сиятика ёмонлашганда, мен ҳатто гапира олмайман. Худога шукур, соғлигимдаги ягона муаммо шу”.

Юқоридаги ҳолатлардан сўнг Тайсон ва Пол ўртасидаги жангни зудлик билан бекор қилиш керак деган фикр пайдо бўлади. Ёки ҳеч бўлмаганда унинг мақомини профессионалдан кўргазмали жангга ўзгартириш лозим.

Майк Тайсон — Джейк Пол

Тайсоннинг ушбу жангга жисмоний жиҳатдан қанчалик тайёр эканлиги тўлиқ аниқ эмас. Албатта, Темир Майк ташқи кўринишидан жуда яхши ва қувноқ кўринади. Аммо саккиз раундда ишлаш жуда жиддий куч синовидир. Ҳатто баъзи ёш боксчилар ҳам бундай узоқ раундли жангларга дош бера олмайдилар. Табиийки 57 ёшли Майкга бундай жиддий синовни енгиб ўтиш жуда қийин бўлади. Тайсон билан солиштирганда, Пол бақувват йигит каби кўриниши мумкин. Жейк тезлик ва чидамлилик бўйича фахрийдан ўзиб кетишига шубҳа йўқ.

Темир Майкнинг муаммоларига енгил вазн тоифасида жаҳон чемпиони Дмитрий Биволнинг мураббийи Геннадий Машянов ҳам тўхталиб ўтди. У ушбу қарама-қаршилик ғоясини танқид қилди: "Бу сохта жанг. Жейк Пол қандай қилиб бундан уялмаслиги мумкин? Ёш йигитча қанақасига 57 ёшли ва анчадан бери кучдан қолган Тайсонни жангга чорлайди? Полнинг ҳаётида нима этишмаяпти? Агар у адреналинни хоҳласа ва шунчалик жасур бўлса Френсис Нганноуга қўнғироқ қилсин. Нганноу боксчи бўлмаса-да, унга яқин. Ҳар қалай у 57 ёшда эмас."

Албатта, Пол ўз билганидан қолмайди. У ўзининг профессионал рекордини жанг санъатининг қариган юлдузларини калтаклаш орқали қўлга киритмоқчи. Аммо жамоатчилик унинг Майк билан жангини зудлик билан бекор қилиши керак. Ҳеч бўлмаганда фахрийнинг профессионал бокс ривожига қўшган ҳиссасини ҳурмат қилиш учун. Қолаверса, унинг соғлигидаги муаммолари хавотирли "қўнғироқ" бўлиб, уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Championat.com сайтидан Бахтиёр Тоштемиров таржимаси.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!