Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Терма жамоа футболчисини икки йилга қамашмоқчи

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

Айблари кўп экан

Бельгия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Раджа Наингголанга нисбатан икки йиллик қамоқ жазоси сўралди. Бу ҳақда нашр L'Equipe прокуратура маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, иш ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмаси орқали олинган даромадларни ювиш билан боғлиқ. Терговчилар футболчининг 105,5 минг евро атрофидаги молиявий операциялардаги эҳтимолий иштирокини ўрганмоқда.

2025 йил январь ойи охирида Наингголан Антверпен порти орқали гиёҳванд моддалар контрабандасида гумонланиб қўлга олингани маълум бўлган эди. Ўшанда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Антверпен ва Брюсселда жами 30 та тинтув ўтказган, улар орасида ярим ҳимоячининг автомобили ҳам кўздан кечирилган.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Наингголаннинг хусусий самолётлар билан шуғулланувчи бизнес ҳамкорларидан бири олдинроқ "Ҳезболла" ҳаракати учун гиёҳванд моддалар контрабандаси иши бўйича судланган.

Наингголан 38 ёшда. У ҳозирда Бельгиянинг иккинчи дивизионида иштирок этадиган "Патро Эйсден" клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Футболчи илгари Италиянинг "Пьяченца", "Кальяри", "Рома", "Интер" ва СПАЛ жамоалари, шунингдек, Бельгиянинг "Антверпен" ва Индонезиянинг "Бхаянгкара" клубларида тўп сурган.

Наингголан Италия ва Бельгия чемпионатларида совриндорлик поғоналарига кўтарилган. Бельгия терма жамоаси сафида 30 та ўйин ўтказиб, 6 та гол урган ва 3 та голли узатма амалга оширган.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ