Терма жамоа машғулот лагерида катта балли зилзила бўлди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Англия терма жамоасининг Флоридадаги вақтинчалик машғулот лагери 6,1 баллик зилзила туфайли силкинди. Орландода бир қатор бинолардан одамлар эвакуация қилинди. Шу шаҳарда англияликлар Коста Рикага қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиши режалаштирилган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, ҳозирча зарар кўрганлар ёки жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда уй жиҳозлари қимирлаётгани ва сезиларли силкинишлар акс этган.

Томас Тухель бошчилигидаги Англия терма жамоасининг режалаштирилган тайёргарлик жараёнига ҳам зилзила таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Куба қирғоқларида рўй берган зилзиланинг зарба тўлқинлари юзлаб километр узоқликда жойлашган Флоридагача етиб келган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳудудда бундай кучли зилзила 1880 йилдан бери қайд этилмаган. Ўшанда Сан Кристобал (Куба) яқинида 6,0 баллик силкиниш содир бўлган эди.

Мексиканинг машҳур дам олиш масканлари — Канкун, Плая дел Кармен ва Тулумда ҳам зилзила ҳис этилган. Юкатан ва Кинтана Руо штатларида фавқулодда ҳолат протоколлари ишга туширилган. Шунга қарамай, ҳар икки штат губернаторлари ижтимоий тармоқларда зарар ёки талофатлар қайд этилмаганини маълум қилишди. Орландодаги “Дисней Уорлд” ҳудудида ҳам силкинишлар сезилгани айтилмоқда.

Зилзила тебранишлари шимолда, Таллахассигача етиб борган. АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, бу зилзила Мексика кўрфазида қайд этилган энг йирик силкинишлардан бири бўлди.

Англия терма жамоасининг Уэст Палм Бичда жойлашган лагери ҳам 6,1 баллик зилзиланинг тебранишларини ҳис этди.

Флорида аҳолиси ўз таассуротларини интернетда фаол баҳам кўрди. Маълумотларга кўра, бу Мексика кўрфази ҳудудида қайд этилган иккинчи энг кучли зилзила ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилардан бири “Флоридада зилзила ҳис қилдим… бу нима бўлди ўзи?” деб ёзган.

Яна бир фойдаланувчи эса: “Ишхона биноси силкинди ва ҳаммамизни қўрқитди. Аввалига ер ёрилиб, чуқурлик ҳосил бўляпти, деб ўйладик”, — дея таърифлаган ҳолатни.

Англия терма жамоаси 1 июндан бери Флоридада бўлиб, Янги Зеландияга қарши ўртоқлик учрашувлари сериясидаги илк ўйинига тайёргарлик кўрмоқда.

Коста Рикага қарши ўйин Орландодаги Inter&Co Stadium аренасида ўтказилгандан сўнг, жамоа мусобақа давомида асосий базаси бўладиган Канзас Ситига қайтиб учиб кетиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!