Терма жамоамизнинг Уммондан Фаластингача босиб ўтган йўли
Кўз очиб юмгунча 2019 йил ҳам якунига етиб бормоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун эса жорий йилдаги ўйинлар тугаб бўлди. Бугунги мақоламизни айнан бош жамоамизга бағишлаймиз. Ҳисоблаб қарасак, терма жамоамиз 2019 йилда расмий ва ўртоқлик учрашувларини қўшиб ҳисоблаганда ҳаммаси бўлиб 16 та беллашувда иштирок этган. Шулардан 9 тасида вакилларимиз зафар қучишган бўлса, 5 та ўйинда ютқазишган ва 2 та баҳсда дуранг кузатилган. Ҳаммаси жорий йилнинг 9 январидан бошланганди. Шу куни терма жамоамиз 2019 йилдаги дастлабки учрашувини БААда Осиё Кубоги доирасида Уммон термасига қарши бошлаганди. Йилнинг охирида эса 19 ноябрь куни Тошкентда Фаластин билан ўйин орқали тугади. Қолаверса, терма жамоамиз жорий йилни Купер билан бошлаб, Абрамов билан тугатгани ҳам эътиборга молик.
09.01.2019. Осиё Кубоги. Ўзбекистон – Уммон – 2:1
Миллий терма жамоамизнинг жорий йилдаги дастлабки ўйини Осиё Кубоги мусобақасидан бошланган бўлиб, расмий мақомдалиги боис эътибор ҳар қачонгидан кучли бўлганди. Собиқ бош мураббий Эктор Купернинг айнан расмий баҳсдаги илк рақиби Уммон терма жамоаси бўлганди. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, ўша учрашувда жамоамиз қийинчилик билан 2:1 ҳисобида муваффақият қозонишганди ва шу тариқа вакилларимиз 2019 йилни ғалаба билан бошлашганди. Ўша беллашувда Одил Аҳмедов жарима зарбасидан гол урганди. Иккинчи бўлимда эса ҳисоб 1:1 бўлиб турганида захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов ҳал қилувчи голни уриб терма жамоамизнинг ғалабасини таъминлаганди. Айнан ўша ўйиндаги гол туфайли Шомуродовнинг бошига бахт қуши қўнгандек эди.
13.01.2019. Осиё Кубоги. Туркманистон – Ўзбекистон – 0:4
2019 йилдаги терма жамоамизнинг иккинчи ўйини яна расмий мақомда бўлиб, бу сафарги рақиб ён қўшнимиз Туркманистон эди. Айтиш керакки, ўшанда Купер бошчилик қилган вакилларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол уришганди. Бу Эктор Купер мураббийлиги остидаги терма жамоамизнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлганди. Натижада ушбу ғалабадан сўнг вакилларимизнинг муддатидан олдин кейинги босқичга чиқиши аниқ бўлганди.
17.01.2019. Осиё Кубоги. Япония – Ўзбекистон – 2:1
Осиё Кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичидаги охирги ўйинни вакилларимиз Японияга қарши ўтказишганди. Ушбу ўйингача иккала жамоалар ҳам кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал қилиб улгуришганди. Фақат ким 1-ўринни эгаллашини аниқлаштириш қолганди холос. Ўша учрашувда Шомуродовнинг ажойиб ҳаракатлари эвазига ҳисобни очгандик. Аммо кейин японлар икки марта гол уришган ҳолда якунда ғалаба қозонишганди. Бу эса Купернинг ушбу йилдаги дастлабки мағлубияти сифатида қайд этилган.
21.01.2019. Осиё Кубоги. Австралия – Ўзбекистон – 0:0 (пен.бўй. 4:2)
Нимчорак финалда терма жамоамиз Австралияга қарши баҳс олиб боришган. Тан олайлик, ўша баҳсда футболчиларимиз ёмон ўйин кўрсатишмаганди. Австралияга қарши ўйиннинг асосий баҳсида ва қўшимча таймларда ҳисоб очилмаган. Ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланган. Афсуски, ўшанда омад рақибимизга қулиб боққанди. Шу тариқа, терма жамоамиз муносиб ўйин кўрсатган ҳолда Осиё Кубогини аламли тарзда тарк этганди.
22.03.2019. «China Cup-2019». Уругвай – Ўзбекистон – 3:0
Осиё Кубогидан кейин терма жамоамиз февраль ойида бирор-бир ўйинда иштирок этмади. Март ойида эса Хитойда ташкил этилган «China Cup-2019» мусобақасида иштирок этишди. Ушбу мини-турнирда Хитой, Уругвай, Таиланд ва Ўзбекистон терма жамоалари қатнашишганди. Бу худди ўртоқлик мақомидаги ўйинлар бўлса-да, номланиши жиҳатидан кичик бир мусобақа эди. Аммо шунга қарамай, унда Уругвайдек терма жамоанинг қатнашгани мусобақага бўлган қизиқишни оширганди. Айниқса, вакилларимизнинг ушбу рақибга қарши майдонга тушиши янада эътиборли ҳолат эди. «China Cup-2019»да тўртта терма жамоа қатнашгани боис ташкилотчилар ўйинларни ярим финал ва финалга ажратишди. Ўзбекистон эса Уругвайга қарши ўйин ўтказди. Таркибда эса Луис Суарес билан Эдинсон Каванини ҳисобга олмаганда қолган барча юлдуз футболчилари майдонга тушганди. Тажриба бобида биздан кучли бўлган уругвайликлар ўша баҳсда Санжар Қувватов дарвозасига учта гол урганди. Перейро билан Стуани (дубль)нинг голларига вакилларимиз жавоб қайтара олишмаганди. Ўтган йили ҳам терма жамоамиз Уругвайга қарши ўйин ўтказганини яхши билсангиз керак. Ўшанда Россиядаги мундиалдан аввал уругвайликлар ўз майдонидаги охирги назорат учрашувини айнан бизнинг футболчиларимизга қарши ўтказишганди ва ҳисоб ҳам ўшанда 3:0 бўлганди.
25.03.2019. «China Cup-2019». Хитой – Ўзбекистон – 0:1
Хитойдаги мусобақанинг учинчи ўрин учун баҳсида бу сафар вакилларимиз мезбонларга қарши майдонга тушишган. Учрашувнинг 34-дақиқасида Элдор Шомуродов томонидан киритилган ягона гол терма жамоамизга ғалаба келтирганди. Натижада терма жамоамиз учинчи ўринни эгаллаганди. Ўша мағлубиятдан кейин эса Хитой терма жамоасини бошқариб турган Фабио Каннаваро истеъфога чиққанди. Ёдингизда бўлса, айнан Хитойга қарши учрашувнинг 38-дақиқасида рақиб ўйинчиси Отабек Шукуровнинг оёғини жароҳатлаганди ва натижада футболчимиз бир неча ойга сафдан чиққанди.
02.06.2019. Ўртоқлик учрашуви. Туркия – Ўзбекистон – 2:0
Орадан уч ой ўтганидан кейин Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз навбатдаги халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувида иштирок этишди. Бу сафарги рақиб эса Туркия терма жамоаси эди. Айтиш мумкинки, илк бор туркларга қарши ўйин барчанинг эътиборини тортганди. Қолаверса, навбатдаги рақибимиз ҳам савия ва сифат борасида биздан анча устун эди. Бундай даражадаги беллашувлар эса футболчиларимизга фойдадан ҳоли бўлмасди. Ўша ўйинда эса барибир туркияликларнинг тажрибаси устун келган ҳолда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўшанда Зеки Челикнинг 17 ҳамда 58-дақиқаларда киритган иккита голи ўйин тақдирини ҳал қилганди. Ўша ўйиндан кейин терма жамоамизнинг собиқ устози мухлисларга мурожаат қилиб, бизга бўлган ишончни фақат натижа билан боғламаслик керак, дея гапирганди. Эътиборлиси шундан сўнг Туркия терма жамоаси ЕВРО-2020 саралаши доирасида ўз уйида амалдаги жаҳон чемпиони Франция терма жамоасини ҳам худди шу ҳисобда мағлуб эта олганди.
07.06.2019. Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон – КХДР – 4:0
Терма жамоамиз июнь ойининг бошларида учта ўртоқлик учрашувини ташкиллаштирганди ва улардан бири Тошкентда КХДРга қарши ўтказилган. Вакилларимиз 2 июнда Туркия билан майдонга тушга бўлса, орадан беш кун ўтиб Тошкентда навбатдаги ўртоқлик учрашувида қатнашишди. Айтиш керакки, Купер бош мураббийлигидаги терма жамоамиз иккинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Дастлаб Осиё Кубогида Туркманистон дарвозасига жавобсиз тўртта гол урган бўлсак, Тошкентда КХДР дарвозасига ҳам шунча гол урилганди.
11.06.2019. Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон – Сурия – 2:0
Терма жамоамизнинг навбатдаги ўйини КХДРга қарши ўйиндан тўрт кун ўтиб ўтказилганди. Бу сафар ҳам Тошкентда ўртоқлик мақомидаги учрашув бўлганди. Навбатдаги рақиб эса Сурия терма жамоаси бўлганди ва бу сафар футболчиларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Шуни айтиш жоизки, ушбу ўйин терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 иккинчи саралаш баҳслари олдидан охирги йиғини ва ўртоқлик учрашуви эди. Купер эса Сурияга қарши баҳсдан кейин футболчилар ҳал қилувчи баҳсларга тўлиқ тайёр деб ишонч билан гапирганди. Аммо…
05.09.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи. Фаластин – Ўзбекистон – 2:0
… Аммоси шундаки, Купер тайёр деб фикр билдирган терма жамоамиз ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичининг дастлабки ўйинидаёқ Фаластинда кутилмаганда мағлубиятга учради. Ютқазганда ҳам терма жамоамиз шу қадар нурсиз ўйин кўрсатгандики, очиғи, футболчиларимизни таний олмай қолгандик. Бу эса табиийки, Куперни ҳам шокка тушириб қўйган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, Купернинг олдига қўйилган асосий вазифа Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш эди. Аммо бу йўлдаги дастлабки уринишдаёқ ўзимиздан кучсиз бўлган жамоадан «тарсаки» еганимиз ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Айнан ушбу нурсиз ўйиндаги мағлубиятдан сўнг Эктор Куперга нисбатан танқидлар кучайиб кетди. Рости, бу ўйин сабабли унга бўлган ишонч ҳам камайиб кетганди.
09.09.2019. Ўртоқлик учрашуви. Ироқ – Ўзбекистон – 0:0
Фаластинга бой берилган ўйиндан сўнг терма жамоамиз 9 сентябрь куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида Ироқ билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Бу ўйин эса анча олдин режалаштириб қўйилганди. Бироқ кутилмаганда Фаластинга ютқазиб қўйишганидан сўнг терма жамоамизнинг Ироққа қарши ўйини кўпчиликда қизиқиш уйғотмаганди. Учрашувда эса ҳисоб очилмаганди. Шуни айтиш керакки, ушбу беллашув Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги охирги ўйини бўлиб қолди.
10.10.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи. Ўзбекистон – Яман – 5:0
Купер истъефога чиқарилгач, унинг ўрнига Вадим Абрамов тайинланди. Унинг терма жамоамиз ролидаги дастлабки ўйини 10 октябрь куни Яманга қарши учрашувга тўғри келди. Кўпчилик эса терма жамоамиздаги ушбу ўзгаришдан хурсанд бўлди ҳамда Вадим Карленовичнинг қайтишини мамнуният билан қарши олдилар. Абрамов эса таркибда ислоҳотларни бошлаб юборди. Яман билан кечган ўйинда эса футболчиларимиз мухлисларимизга голлар шоусини уюштириб беришди ва рақиб дарвозасига жавобсиз бешта гол уришди. Шу тариқа, Абрамов терма жамоага қайтишини мана шундай тарзда йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади.
15.10.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи. Сингапур – Ўзбекистон – 1:3
Орадан беш кун ўтиб терма жамоамиз Абрамов бошчилигида Сингапурда ўйин ўтказди. Қизғин кечган баҳсда вакилларимиз Вадим Карленович бошчилигида иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонишди. Табиийки, мураббий алмашгач терма жамоамиз ишқибозлар хоҳлашганидек ҳужумкор ўйин кўрсатишни бошлаганди.
09.11.2019. Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон – Қирғизистон – 3:1
Навбатдаги ўйин эса ўртоқлик мақоми остида ўтди. Охирги пайтларда ўсишга эришаётган Қирғизистон терма жамоаси Тошкентда вакилларимизга қарши майдонга тушди. Бундан бир неча йиллар илгари Қирғизистон бизнинг савиямизга мос келмайди деган гаплар кўп айтиларди. Аммо бу сафар эса вазият умуман ўзгарганди. Чунки қирғизлар юқорида айтганимиздек, охирги пайтларга келиб ўсишга эришишаётганди. Шу боис терма жамоамизнинг Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйинига ҳеч кимда айтарли эътирозлар бўлмади. Ушбу баҳсда эса вакилларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
14.11.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи. Ўзбекистон – С.Арабистони – 2:3
Абрамов терма жамоадаги дастлабки мағлубиятини ўзининг учинчи ўйинида қабул қилиб олди. Аламлиси биз учун жуда муҳим бўлган учрашувда асосий рақобатчимиз ҳисобланган Саудия Арабистонига ўз уйимизда ютқазиб қўйдик. Аслида эса вакилларимиз ғалабага жуда яқин тургандилар. Аммо охирги дақиқаларда саудияликларнинг киритган иккита голи туфайли терма жамоамиз мағлубиятга учради. Ушбу ўйинда эса Вадим Абрамов томонидан тактик ва ўйинчи танлашдаги хатоликлар кўзга ташланиб қолганди. Бу борада эса саудияликлар устози Эрве Ренар бу борада ҳамкасбига мастер-класс ўтаб кетди десак муболаға қилмаган бўламиз.
19.11.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи. Ўзбекистон – Фаластин – 2:0
Саудияга қарши аламли мағлубиятдан кейин Вадим Абрамов Фаластин билан баҳсда анча эҳтиёткорликни оширгани кўринди. Айниқса, таркиб ва тактика танлашда бу ҳолат намоён бўлди. Фаластиндаги учрашувда кутилмаганда иккита тўп фарқи билан ютқазган бўлсак, Тошкентдаги жавоб баҳсида вакилларимиз худди шу ҳисоб билан ғалаба қозонишди ва қарзни қайтаришди.
Фикрлар