Тезкор! Ҳусанов Европа Чемпионлар лигасида қатнашадиган Франция клуби билан шартнома тузди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилина бошлаган Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчисига айланмоқда.
19 ёшли футболчимиз икки мавсумдан бери Беларусь чемпионати вакили “Энергетик-БГУ” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ўзбекистонлик футболчига янги мавсумда Европа Чемпионлар лигасида иштирок этадиган “Ланс” жамоаси қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берган эдик.
“Беларусь футболи” телеграмм каналида тарқатилган тезкор хабарга кўра, Абдуқодир Ҳусанов Франция клуби билан шартнома тузган.
Айни пайтда “Энергетик-БГУ” тарихидаги энг йирик трансфер расман тасдиқланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, истеъдодли ҳимоячимиз Франция клуби скаутлари эътиборини яқинда Аргентинада ўтказилган 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қозонган. Терма жамоамиз таркибида ишончли ўйин намойиш қилган Ҳусанов мусобақада ўзини ижобий томондан кўрсата олган футболчилардан бирига айланди. Марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, Абдуқодир Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ҳақиқий етакчиси эканини кўрсата олди.
Ҳусанов аслида “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ, профессионал футболчилик фаолиятини легионер сифатида бошлади. 2022 йилнинг мартида ёш футболчимиз Беларусь чемпионатига кўчиб ўтди ва “Энергетик-БГУ” сафига қўшилди.
Абдулқодир ёш бўлишига қарамай, дастлабки мавсумдаёқ ўзини кўрсатди. Футболчимиз ҳимояда хотиржам ўйнайди, рақибдан тўпни олиб қўйишга уста, майдонда ақлли ўйин намойиш қилади, ҳужумчиларга ҳам ёрдам беради, жарима зарбаларини ажобий ижро этади. Бундан ташқари, Ҳусанов кучли ва аниқ зарба соҳиби ҳисобланади.
Ўзбек футболчиси “Энергетик-БГУ” таркибига қўшилганидан кейин Беларусь олий лигасида жами 35 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, тўрт марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва яна тўрт бор жамоадошларига голли пас узатди.
Абдуқодир Ҳусанов ҳимоя марказидан ташқари, таянч зонада ҳам ишончли ўйнай олади. Ёш бўлишига қарамай, бу футболчимиз бир ой муқаддам Ўзбекистон миллий терма жамоасида дебютини нишонлади ва учта ўйин ўтказишга улгурди.
Эслатиб ўтамиз, “Ланс” клуби якунланган мавсумда Франция чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Бу жамоа мамлакат чемпиони ПСЖдан атиги бир очко ортда қолиб кетди.
Янги мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашишга тайёргарлик кўраётган “Ланс” таркибни кучайтириш мақсадида Франция вице-чемпионлари колумбиялик Йерри Минани кўз остига олганди. Бироқ музокаралар ижобий натижа бермагач, клуб эътиборини 19 ёшли Абдуқодирга қаратган.
Бу трансфер расман тасдиқланганидан кейин Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатига йўл олган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихдан жой олади. Шунингдек, кучли бешлик чемпионатларидаги иккинчи вакилимизга айланади.
Айни пайтда Элдор Шомуродов “Рома” ўйинчиси сифатида “топ-5” лигалардаги ягона вакилимиз бўлиб турибди.
Фикрлар