“The Best” соврини учун якуний рўйхатга кира олмаган муҳим юлдузлар

ФИФА “The Best” соврини учун якуний рўйхатни маълум қилди. Ушбу рўйхатда “Ювентус”дан Криштиану Роналду (“Реал” билан эришган ютуқлари туфайли), “Реал Мадрид”дан Лука Модрич ва “Ливерпуль” юлдузи Муҳаммад Салоҳлар кучли учликка киришган. Уччала футболчи ушбу индивидуал совринни ўтган мавсумда кўрсатган натижалари туфайли ютиб олишга уриниб кўришади. Албатта уччовлон ушбу совринни ютиб олишга ҳақли.

Криштиану “Реал”нинг қаторасига учинчи марта Чемпионлар Лигасини ютиб олишига муносиб ҳиссасини қўшган бўлса, унинг собиқ жамоадоши Модрич ҳам ушбу нуфузли совринга эга чиқди ва қўшимчасига миллий терма жамоаси билан 2018-йилги Жаҳон Чемпионатининг финалига қадар етиб борди. Салоҳ эса ўтган мавсумда Премьер Лигада росманасига порлади, дейишимиз мумкин.

Бироқ ўтган мавсумда сайёрамизнинг энг яхши футболчилари шу учтаси бўлдими? Бу рўйхатга киритилишга ҳақли бўлган яна бошқа футболчилар бор. Улар ким? Қуйида улар ҳақида таҳлил қиламиз.

  1. Антуан Гризманн (“Атлетико Мадрид” ва Франция)

Гризманн очиқчасига ажойиб йилни бошидан кечирди. Жаҳон даражасидаги футболчи учун 2018-йил 2016-йилдаги омадсизликларининг компенсацияси бўлди дея оламиз. У Европа Лигасида ҳам, Жаҳон Чемпионатида ҳам ўзини кўрсата олди.

У “матрослар” билан Европа Лигасини ютиб олди. Финалда “Марсель”га қарши икки муҳим ғалаба голларини киритди. Бир неча ой ўтиб эса Франция таркибида Россия яшил майдонларида порлади. У ўзининг тўрт голи билан терма жамоасининг чемпион бўлишига катта ёрдам берди.

Икки муҳим турнирда ғолиб чиққанига қарамай, ушбу якуний учликка кирмай қолгани бироз ғалати.

  1. Килиан Мбаппе (“ПСЖ” ва Франция)

Франциялик ёш ҳужумчи “ПСЖ” билан ажойиб мавсумни ўтказди. Шу билан бирга, у Жаҳон Чемпионатида жаҳон савиясидаги мақомини батамом мустаҳкамлаб олди.

19 ёшли футболчи Аргентинага қарши ўйинда урган голлари туфайли 1958-йилда Пеледан кейин Жаҳон Чемпионатида икки гол урган энг ёш футболчига айланди.

Агарда буям камлик қилса, янги мавсум стартини олайлик. Уч ўйинда 4 гол! Ҳақиқий феномен ва жаҳон чемпиони! У ҳам энг яхши бўлишга лойиқ эди.

  1. Рафаель Варан (“Реал” ва Франция)

“Реал”нинг ўтган уч мавсумда қаторасига Чемпионлар Лигасида бош совринга эга чиқишида хизматлари катта бўлган ва сояда қолиб кетаётган навбатдаги қаҳрамон бу – Рафаель Варан ҳисобланади.

Франциялик ҳимоячи “Реал”нинг ҳимоясида тўлиқ ҳукмронликни қўлга олган. У Рамос билан ҳамкорликда Чемпионлар Лигасидаги ғалабаларда муҳим бўлакка айланиб улгуришган. У шунингдек терма жамоасининг Мундиалдаги ғалабасига ҳам муносиб ҳиссасини қўшди.

Варан Франция ҳимоясида анча ишончли ҳаракат қилди, ҳатто чорак финалда Уругвай дарвозасига гол ҳам урди. Ҳимоячи икки муҳим мусобақа ғолиби сифатида энг яхши футболчи бўлишга ҳақли навбатдаги номзод.

  1. Кевин Де Брюйне (“Манчестер Сити” ва Бельгия)

Пеп Гвардиола ва унинг шогирдларини тушиниш мумкин. Премьер Лигада фантастик ўйин кўрсатганига қарамай, кўпчиликнинг наздида улар шунчаки ички чемпионатни ютишган.

Де Брюйне “шаҳарликлар” ва Премьер Лиганинг энг яхши футболчиси бўлди. Жаҳон Чемпионатида эса у терма жамоасини ярим финалга қадар етаклаб келди. Якунда у Бельгия билан ўз тарихларида биринчи марта учинчи ўринга эга чиқишди. “Манчестер Сити” озгина эътирофга сазовор бўлиши билан Де Брюйненинг яхши кунлари ҳам келишига умид қилиш мумкин.

  1. Лео Месси (“Барселона” ва Аргентина)

2006-йилдан бери биринчи бор Месси ушбу совринга киритлмади. Яна нима дейиш мумкин?

Неймарни кетиши, Дембеленинг жароҳати ва Луис Суареснинг ёмон спорт формаси туфайли айнан аргентиналик даҳо каталонияликларни барча турнирларда олға етаклаб борди. У жамоанинг барча мажбуриятларини ўз бўйнига олди. Яратувчан ярим ҳимоячи, “алдамчи ўнлик” ва клуб тўпурарлиги каби вазифаларни бир ўзи аъло даражада бажарди.

У “Барселона” билан бутун мавсумда ютқазмади. Жамоасини қаторасига тўртинчи марта “Қирол кубоги” бош совринини олиб берди.

Одамлар эса унинг Чемпионлар Лигасини юта олмагани билан танқид қилишади. Зеро у Валверденинг “Рома”га қарши мантиқсиз тактикаси билан йирик ҳисобда мағлуб бўлган эди. Россияда эса жамоа сифатида бирлаша олмаган Аргентинани яна бир ўзи олдинга етаклашга уриниб кўрди.

Хулоса

Ушбу рўйхатга киритилмай қолган футболчилар кучлик учликка киришга муносиброқ эди. Якуний учликдаги Муҳаммад Салоҳ ажойиб мавсум ўтказганига қарамай, бирорта турнирни юта олмагани сабабли биз келтирган бешта футболчидан бири унинг ўрнини эгаллашга ҳақлироқ эди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!