Тимур Кападзе: "Абрамов жамоаси ҳимоявий ўйнаганини эслолмайман, бугун..."
Суперлига 20-тури доирасидаги «Динамо» - «Олимпик» (1:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Темур Кападзе фикрларини билдирди.
- Самарқанддаги ўйинда қийин бўлиши аниқ эди. Чунки «Динамо» охирги ўринда юрган бўлса-да, аслида қандай жамоа эканини биламиз. Таркибида яхши савиядаги ўйинчилари бор. Яхши ўйин бўлди, ғалаба қозонганимизда яхшироқ бўларди. Самарқанд жамоаси иккинчи бўлимда анча зич ҳимояланди. Бу бизга қийинчилик туғдирди. Умуман олганда, ёмон эмас.
Ҳаммамиз биламиз, Вадим Карленович одатда тўп билан кўпроқ ўйнайдиган, ҳужум ва прессинг қиладиган, ўйинни назорат қиладиган ўйин қуради. Бу мураббий қўл остида ўйнаганман, тўғриси шахсан мен Вадим Абрамов жамоаси ҳимоявий ўйнаганини эслолмайман. Бугун «Динамо» иккинчи бўлимда асосан ҳимояланди. Балки ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бир очко ҳам уларга муҳимдир.
Ҳа, биринчи даврада ҳам ўзаро 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Аммо 1-даврадаги «Динамо» ва 2-даврадаги «Динамо» ўртасида ҳам фарқ бор. Таркиб ҳам, мураббийлар ҳам ўзгарган. Бизнинг жамоамиз ҳам 1-даврадагидан кўра ўсишга эришди. «Динамо» ёмон жамоа эмас, кейинги ўйинларда уларга омад тилайман, - дейди Темур Кападзе учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар