Тимур Кападзе: "Агар мухлисларсиз майдонга тушиш керак бўлса, биз бунга ҳам тайёрмиз"
Эртага мамлакатимизда давом этаётган футбол бўйича U-23 Осиё кубогининг ярим финал учрашувларига старт берилади.
Бугун “Бунёдкор” стадионида мазкур баҳслар олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда терма жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе ва футболчи Жасурбек Жалолиддинов иштирок этиб, Япония U-23 жамоасига қарши кечадиган ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
Тимур Кападзе: - Ассалому алайкум. Албатта, хурсандмиз ярим финалга чиққанимиздан. Ҳар бир ўйин оғир бўлди. Аммо ярим финалга қадар етиб келдик.
Японияга қарши баҳс ҳам осон бўлмайди. Буни жуда яхши биламиз.
Чарчоқ борлигини тан оламан. Тикланиш жараёни давом этмоқда. Умид қиламанки, кейинги ўйинга тўлиқ тайёр бўламиз.
Тактик жиҳатдан кучли рақибга қарши саф тортамиз. Япония ҳар доим кучли бўлиб келган. Аммо ҳар бир жамоанинг заиф томони бўлади. Биз шундан фойдаланишни истаймиз.
Албатта, Япония ҳужумда яхши ҳаракат қилади. Ҳимояланишда ҳам уларда деярли муаммо кўрмадим. Биз ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз.
Эртага ҳам ўзимизнинг ўйинни намойиш қиламиз, ҳам рақибнинг нозик тарафларидан фойдаланишга уриниб кўрамиз.
Абдувоҳид биз учун катта йўқотиш. Аммо йигитлар 1 киши кам бўлиб ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Менимча, бу бизнинг руҳий ҳолатимизга таъсир ўтказмайди.
Қўшимча вақтларга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Ҳар нарсага ҳозирлик кўрмоқдамиз. Футболчиларимга ишонаман. Насиб қилса, барчаси яхши бўлади.
Мухлисларсиз ўйинннинг завқи бошқача. Уларнинг йўқлиги сезилиши табиий. Агар мухлисларсиз майдонга тушиш керак бўлса, биз бунга ҳам тайёрмиз.
Жасурбек Жалолиддинов: - Ассалому алайкум, ҳаммага. Авваломбор, хурсандмиз. Ярим финал осон ўтмайди. Япония жуда кучли жамоа ва уларни ҳурмат қиламиз. Финалга чиқиш учун йигитлар билан боримизни берамиз. Биз бунга тайёрмиз.
Биринчи навбатда, Ироққа қарши 10 киши бўлиб қолганимизда, дарвозабоннинг обрўси учун ҳам ҳаракат қилдик. Агар мағлуб бўлганимизда, унга нисбатан қандай эътирозлар билдирилишини билардик.
Ироқнинг бизга қилган провакациялари асабимни бузди. Мен уларга пенальти билан жавоб бердим. Ўйлашимча, бу рақибга таъсир ўтказа олди. Японияга қарши пенальти тепадиган бўлсам, нима бўлишини ўша вақтда кўрасиз.
Фикрлар