Тимур Кападзе: "Биламан сизларга ғалаба керак, аммо"
Юртимизда бўлаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа биринчилиги авж палласига кўтарилди. А гуруҳидан ўрин эгаллаган жамоамиз 3-турда Эрон билан тўқнаш келди ва 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Учрашувдан сўнг, Олимпия жамоамиз бош мураббийи - Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этиб, баҳс борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда бугун стадионга бизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюрган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Улар ўйиннинг сўнгги дақиқаларига қадар бизга далда бериб туришди.
Очиғи, ғалаба қозониб уларни хурсанд қилмоқчи эдик, аммо буни уддалай олганимиз йўқ. Ўйиндан олдин темп жуда юқори бўлишини тахмин қилган эдик. Эронга қарши ўйин натижаси кўнгилдагидек бўлмаганига қарамай, квартетда биринчи ўринни эгаллаб кейинги босқичга чиқдик. Ўйин учун йигитларга раҳмат. Захирадан тушганлар ўйинни кучайтириб берди, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Ғолиб чиқишимиз ҳам мумкин эди, аммо бироз омад келмади.
Кейинги ўйинга ким тайёр бўлса, ана ўшалар майдонга тушади. Бир-икки футболчимизда толиқиш бор. Ироққа қарши баҳсда кучли таркиб билан майдонга тушамиз. Рақиб ҳам жиддий эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Плей-оффдаги рақибимизни ўйинларини кўрдим. Турнирда кучсиз рақибнинг ўзи йўқ. Ироқнинг барча ёш тоифасидаги жамоалари кучли бўлган. Умид қиламанки, биз зафарли юришимизни давом эттирамиз.
Бу учрашувда барчага имкон бериш орқали уларни синовдан ўтказдим. Биламан, сизларга ғалаба керак. Насиб қилса, кейинги ўйинларда ишқибозларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар