Тимур Кападзе: Гуруҳимиздан Япония ёки Австралия жой олишини тахмин қилгандим, лекин...

Октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган U-19 Осиё чемпионатида Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги жамоамиз “А” гуруҳида Индонезия, Камбоджа ҳамда Эрон каби рақибларга қарши майдонга тушади.

Табиийки, дастлабки рақибларимиз маълум бўлгач, дарҳол ўзига яраша фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Ўз навбатида Тимур Кападзе Sports.uz мухбири билан мулоқотда қуръа, рақиблар ва уларни ўрганиш жараёни хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

Қуръадан кўнгли тўлдими?

-  Албатта, қуръа ташлаш жараёнини кузатдик. Гарчи аниқ бир рақибларни бизнинг гуруҳдан ўрин олишини ўйламаган бўслам-да, аммо кучли жамоалардан кимдир терма жамоамизга рақиб бўлишини тахмин қилгандим, - дея гап бошлади, Кападзе. - Масалан, хаёлимда Япония ёки Австралиядан биттаси гуруҳимизга тушиши мумкинлиги ҳам бор эди. Лекин, тўғриси Эрон билан бир гуруҳда бўлишимиз ҳақида ўйламагандим. Шунингдек, Индонезия билан Камбоджа ҳам бор. Гапнинг очиғи, ушбу рақибларимизнинг имкониятларини ҳали яхши билмайман. Қолаверса, уларнинг ўйинларини ҳам кўрганимиз йўқ. Мана, энди ушбу термаларнинг қандай жамоа эканлигини ўрганиб чиқамиз.

кападзе2

Эрон ҳақида нима дейди?

-  Албатта, Эрон гуруҳимиздаги кучли рақиблардан бири. Ҳар сафар Эроннинг ёшлар ёки миллий жамоаси бўлсин барқарор ўйин кўрсатишади. Шунингдек, жисмоний тарафдан ҳам футболчилари кучли. Мусобақанинг очилиш учрашуви биз учун ҳам жуда қизиқ бўлади. Илк ўйинданоқ кучли рақибга қарши ўз кучимизни текшириб олиш имкониятига эга бўламиз. Худо хоҳласа, гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқишга ҳаракат қиламиз. Шубҳасиз, Эронни ҳам янада яхшироқ ўрганиб чиқамиз. Ўз олдимизга эса мусобақада биринчи ўринни эгаллаш вазифасини қўйганмиз. Қайси рақиб билан ўйнашимиздан қатъий назар мақсадимиз олий бўлгани сабабли исталган жамоага қарши майдонга тушиб ютишимиз керак.

кападзе3

Асосий мақсад ҳақида

-  Тўғри, ҳар бир мураббий гуруҳида аввало заифроқ рақиблар бўлишини хоҳлайди. Лекин, менимча, бизнинг гуруҳ яхши кўринишда бўлди. Барибир гуруҳда битта бўлса ҳам кучли рақиб бўлиши лозим. Бу айниқса, имкониятларимизни текшириб олиш учун ҳам муҳим. Бироқ гуруҳдан чиққанимиздан кейин янада жиддий рақибларга тўқнаш келамиз. “В” гуруҳида Япония, Жанубий Корея, Ироқ ва Баҳрайн каби термалар бор. У ерда ҳам жуда қизиқарли ўйинлар бўлади. 1- ва 2-ўрин учун курашлар ушбу гуруҳда ҳам ниҳоятда муросасиз кечади. Биз эса биринчи навбатда ўз гуруҳимиздаги вазифамизни бажаришимиз лозим. Қолгани ҳақида кейин бош қотирамиз. Нима бўлганда ҳам Осиё чемпионатига яхши тайёргарлик кўришимиз керак. Ўз уйимизда, мухлисларимиз олдида ўйнаймиз. Умид қиламанки, бутун Ўзбекистон билан бирлашиб, бир куч бўламиз ва ўз олдимизга қўйилган олий мақсадимизга эриша оламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
18/06/2020 17:18
Кападзелар сулоласи. Сулола стайл
&
Насаф
18/06/2020 16:56
Бу Тимур кападзе деганлари кайси терма жамоамизда буса уша ерда эканда. Бошка тренер йукми дейман. Точно ютказишади.