Тимур Кападзе: Ҳеч бир рақибдан қўрқмаймиз

Кеча "Суперлига-2022"га қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. "Олимпик" биринчи турда "Сурхон"га қарши майдонга тушади. Қуръа ташлаш маросими ва турнир ҳақида жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Менимча, қуръа анча яхши ўтди. Биринчи баҳсда кимга қарши майдонга тушишимизни кутаётган эдик? Умуман олганда, дастлабки турларда ҳамма жамоаларнинг имкониятлари тенг бўлади, деб ўйлайман.

Ҳар бир учрашув қизиқ ва қийин бўлиши аниқ. "Олимпик" Суперлигада дебют қилади ва бу бизга катта тажриба. Ўйинлар орқали олдимизга қўйилган вазифани уддалаймиз. Илк турда "Сурхон"га қарши майдонга тушамиз. Умуман олганда, кимга қарши майдонга тушишимизни аҳамияти йўқ. Чунки ҳамма билан қайсидир турда тўқнаш келамиз. Мусобақани уйда бошлашимиз эса яхши, деб ўйлайман.

Биз аутсайдер бўлиб қолмаймиз. Чунки тайёргарлигимиз анча яхши ўтмоқда. Ўз ўйинимизни кўрсатамиз. Болалар ҳам бунга тайёр. Ҳамма жамоани ҳурмат қиламиз, лекин ҳеч бир рақибдан қўрқмаймиз. Бари майдонда ҳал бўлади. Биз барчасига тайёрмиз, - деди Тимур Кападзе.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!