Тимур Кападзе: "Нефтчи"га имкон бермадик"
Суперлига 4-туридан ўрин олган "Олимпик" - "Нефтчи" (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бутун жамоани ғалаба билан табриклайман ва ўйлайманки бунга ҳақли равишда эришдик. Йигитлар яхши ўйнашди ва охиригача ҳаракат қилишди. Терма жамоадан келганимиздан сўнг ушбу ўйинга тайёргарлик кўришга икки кун вақтимиз бўлди. Йигитлар эса профессионал. Умуман олганда, "Нефтчи"га қарши қийин ўйин бўлишини кутгандик, аммо йигитлар ўйинда ва курашларда яхши ўйнашди.
Илк бўлимда икки жамоа ҳам тетик бўлгани учун унчалик катта бўшлиқлар бўлмади, деб ўйлайман. Бутун ўйин давомида "Нефтчи"га зарба бериш ва вазият яратишга имкон бермадик, бу ҳимоячиларимизнинг яхши ўйнаганидан далолат беради. Йигитлар эса бўшлиқлардан яхши фойдаланишди, айниқса иккинчи бўлимда. Йигитларга биринчи бўлимда рақиб ҳимоячиларини ҳолдан тойдирганимиз сабаб иккинчи бўлимда хато бўлишини ва уни кутишни айтдим. Кўрганингиздек, бу юз берди ва ғалабага эришдик. Биз бундан хурсандмиз.
Тайёргарликни 2 апрелда бошлаймиз ва 6 апрелга қадар шу ерда бўламиз. Ундан кейин Дубайга бир ҳафтага йўл оламиз ва ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Шундан сўнг Доҳага борамиз. Ҳозирча тайёргарликни легионерсиз давом эттирамиз. Нафақат Файзуллаев ва Ҳусанов, балки Эркинов ва Йўлдошевнинг иштироки ҳам сўроқ остида. Бунга сабаб ФИФА кунлари эмаслиги ва уларда ўша пайтда тур ўйинлари бўлиб ўтишидир. Ҳозирча мулоқот қилган ҳолда ҳаракат қиляпмиз, аммо бир нима дейиш қийин. Албатта, уларнинг келиб жамоамизни кучайтиришга умид қиламиз. Сабаби бу ватан жамоаси ва уларнинг бари бунга тайёр. Бундай ўйинчиларга эга бўлиш ҳар бир мураббий учун муҳим".
Фикрлар