Тимур Кападзе Олимпиада масаласи ҳал қилинганидан сўнг: "Энди юртимизга кубок ва олтин медаллар билан қайтиш ниятидамиз!"
Кеча Ўзбекистон U-23 терма жамоамиз Қатар майдонларида ўтаётган қитъа мусобақасининг ярим финалида Индонезия термасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Вакилларимизни Олимпиадага олиб чиққан баҳсдан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе қуйилагиларни айтди:
"Ассалому алайкум, ҳаммага. Бутун халқ бизнинг ғалабамизни кутиб турганди ва биз буни сездик. Финалга чиққанимизни Президентимиз, халқимиз, миллатимизга бағишлаймиз!
Мақсадимизга, ниятимизга эришдик. Битта қадам қўйдик, иккинчи қадамимиз финалда бўлади Худо хоҳласа. Ушбу ўйинга ҳам яхши тайёргарлик кўриб, керакли натижани қўлга киритамиз. Иншааллоҳ, ҳаммаси биз ўйлагандек бўлди, мухлислар олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлди.
Энди юртимизга кубок ва олтин медаллар билан қайтиш ниятидамиз. Ниятимиз холис эди, бу учун кўп йил тайёргарлик кўргандик. Худога шукр, барчасини ижобий бажара олдик.
Тўғри, йигитларни анча вақт тайёрлаб келдик. Ўртада "Олимпик" лойиҳаси вужудга келди ва шу билан йўлга чиқдик. Анча меҳнат қилдик, қийинчиликлар ҳам бўлди. Аммо ишлашдан тўхтамадик, тайёрланишда давом этдик.
Бундан ташқари, биз иккита катта мусобақада иштирок этдик. Осиё кубоги, Осиё ўйинларида муносиб иштирок этдик. Йигитлардан миннатдорман, халқимиз ва Президентимиз билдирган ишончни оқлай олдик, менимча. Бундан хурсандмиз ва ёрдам берган барчага ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Кўрганингиздек, Индонезия билан баҳсда устунлик бизнинг тарафда бўлди. Гол уришда қийналдик, вазиятлардан фойдалана олмадик. Ўйлашимча, бу босим натижасида бўлди. Агар босим бўлмаганда, футболчиларим яна бир нечта гол урган бўларди.
Йигитларга баҳсдан аввал ҳам бу нарса бўлмаслиги ҳақида айтгандим. Рақибнинг қарши ҳужумларда хавфли эканини билардик, аммо уларга имкон бермадик.
Яхши даражадаги таркиб ва йигитларнинг барчаси ишончни оқлай олгани учун ротация қилишдан қўрқмадик. Тақвим зич эди, шу сабабдан ўзгаришлар қилишимиз керак эди. Терма жамоа шунақа бўлиши керак, 23 та футболчи йиғилдими, уларнинг барчасига имкон берилиши керак. Ўйлайманки, уларнинг барчаси ижобий хулоса қолдиргани бизнинг энг катта ютуғимиз бўлди.
Ҳозир футбол фақат 11 кишидан иборат эмас, сизнинг захирангиз ҳам бирдек ишончли ва кучли бўлиши лозим. Муҳими, биз ўйинларимизда ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик", - деди мутахассис.
Фикрлар
Қолганлар аъло.