Тимур Кападзе: "Олимпик" футболчиларига Суперлига клубларидан таклифлар бўляпти
Барчангизга маълумки, Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, унга футбол йўналишида ҳам лицензия қўлга киритиш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошида “Олимпик” футбол клуби ташкил этилган. Клуб айнан Париж-2024 Олимпиадасида иштирок эта оладиган ёш авлод вакилларидан тузилган бўлиб, жамоани бўлажак Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе бошқариб келмоқда.
Бугун ушбу жамоанинг биринчи ярим йилликдаги фаолиятига бағишланган ҳисоботи бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, унинг биринчи ўринбосари ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Қўмита раиси ўринбосари Сакен Полатов, “Олимпик” раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида Тимур Кападзе биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар, жамоа фаолияти, машғулотлар тартиби ва яқин режалар хусусида гапириб ўтди.
“Футболчиларимизга Суперлиганинг бир қатор клубларидан таклифлар бор. Бу бизни хурсанд қилади, албатта. Бу йигитлар футбол бўйича Ўзбекистон МТЖнинг эртаси. Олдимизда катта мақсад турибди. Уни биргаликда уддалашимизга ишонамиз. Бу қўлимиздан келадиган иш. Биз учун барча шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Футболчиларимизга тартиб-интизом ва тўғри овқатланишдан тортиб, назарий ва амалий машғулотларни ўргатиб боряпмиз”, – деди бош мураббий.
Фикрлар