"Тўғриси, Ўзбекистондан таклифлар йўқ эди". Яна бир футболчимиз Индонезияда

Охирги пайтларда Индонезия чемпионатида ўзбекистонлик футболчилар сони аста-секин ортиб бораётгани кўзга ташланяпти. Яқинда у ерда яна бир легионеримиз пайдо бўлди. Бу иқтидорли ҳимоячи Мурод Тўйчибоев бўлиб, Индонезия Лига 2 чемпионатида “ПСКС Чимахи” жамоаси аъзосига айланди.

Таъкидлаш жоизки, Тўйчибоев бунга қадар фаолиятини Қирғизистон чемпионатида давом эттириб келаётганди. У Индонезияга кўчиб ўтиш сабаблари ҳақида гапирди.  

“Ҳа, Қирғизистон клубида бир ярим йил тўп сурдим. Бу борада Қирғиз клубига раҳмат айтаман. Бу йил ёзги трансфер ойнасида клубни ўзгартириш ниятим бор эди. Аммо қайси давлат ва қайси клубдан эканлиги аниқ эмасди. Охир-оқибат Индонезия жамоасидан таклиф тушди ва тақдиримга ушбу клубда тўп суришлик ёзилган экан. Янги жамоа билан 6 ойлик шартномага имзо чекдим”, - дея ушбу масалада тўхталиб ўтди, Тўйчибоев.

туйчибоев

Мурод Тўйчибоев ўз иқтидори билан янада савиялироқ чемпионатларда тўп суришга қодир, балки Индонезия бунга мос тушар. Яъни, у Қирғизистонда ўйнаш орқали қанчалик ўсишга эриша олди? Тўйчибоев учун бу ортга ташланган қадам эмасмиди? Легионеримиз ушбу масала борасида шундай деди:

“Ҳа, боя айтганимдек, мен бундан аввал Қирғизистоннинг “Алай” жамоасида ўйнадим. Мен учун “Алай” клубида яхши пайтлар ва яхши мавсумлар ўтказдим. Ҳамма нарса футболчининг ўзига боғлиқ, деб ўйлайман. Ўз устида яхши ишласа бу футболдаги келажагига таъсир қилмайди ва мен учун Қирғизистон чемпионати орқага ташланган қадам бўлмаган”.

Муродга юртимиздан таклифлар бормиди ёки фақат Индонезиядан чорлов унинг учун ягонамиди? Бу саволга ҳамюртимизнинг жавоби қуйидагича бўлди:

“Тўғрисини айтганда, Ўзбкистондан таклиф йўқ эди. Фақатгина 1-2 таклифлар бор эди ва буларнинг барчаси хориждан эди. Индонезияда тўп тепиш олдиндан режамда бўлган ва охир-оқибат бу амалга ошди”.

мурод

Индонезия Тўйчибоев учун янги мамлакат, янги муҳит ва албатта янги чақирувдир. Хўш, у ерда футболчимиз учун яратилган шароитлар қандай?

“Индонезияда ўзимни яхши ва хотиржам ҳис қиляпман. Ҳаммаси жойида. Клуб мени яхши уй-жой ва машғулотларга бориб келишим учун машина билан таъминлади. Барча шароитлари жойида”, - дейди Мурод.

Унинг янги клуби биз учун нотаниш. Шу боисдан Тўйчибоевдан бу борада маълумот беришини ҳам сўрадик. Айтайлик, мақсади қанақа? Қандай легионерлари бор...

“Клубнинг мақсади ўз чемпионатида юқори ўринларни эгаллаш. Жамоада икки нафар хорижлик футболчилар - мен ва Финляндиядан келган ҳужумчи бор. Биз иккаламиз яхши тил топишиб кетдик. Жамоадаги ҳамма билан тезда чиқишиб кетдим. Асосан бу ерда ёш ўйинчилар. Мураббий эса маҳаллий. Улар билан муносабатларимиз аъло даражада, кўз тегмасин. Мен клубда 97-рақамни танладим. Бу рақам шунчаки менга ёқади”, - дея фикр билдирди, Мурод Тўйчибоев.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!