Тожикистоннинг энг кучли клуби ўзбекистонлик футболчига кўз тикмоқда!

Мавсум бошидан бери “Хўжанд” шарафини ҳимоя қилиб келаётган легионерларимиздан бири Санжар Рихсибоев якунига етган биринчи даврада жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Айни пайтда эса “Хўжанд” турнир жадвалида “Истиқлол”дан сўнг иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Рихсибоевга Тожикистоннинг энг кучли клуби – “Истиқлол”дан жиддий қизиқиш бўлмоқда. Бу борада клуб вакиллари футболчимиз билан ҳам алоқага чиқишган. Аммо ҳозирча Рихсибоевнинг “Хўжанд” билан яна мавсум охирига қадар шартномаси бор ва клубнинг ўзи ҳам Санжарни қўйиб юбормоқчи эмас.

Шунингдек, легионеримиз ҳуқуқий жиҳатдан “Бунёдкор”га тегишли ва у Тожикистонда ижара асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Агар “Истиқлол” Рихсибоевни қўлга киритишни хоҳлаётган бўлса, у ҳолда “Бунёдкор” билан бу борада музокара ўтказиши керак бўлади. Аниғи шуки, футболчимизнинг ўзи ҳам “Истиқлол”дан таклиф бўлганини тасдиқлади.

Яқинда хабар берганимиздек, “Хўжанд”га Ҳаким Фузайлов бош мураббий этиб тайинланди. Ҳозирда у жамоага бир қатор янги ўйинчиларни олиб келди. Балки Рихсибоев унинг режаларига киритилган бўлса, қўйиб юборишни истамаётгандир. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!