Тўлабек Акрамов: "Секейра коронавирусга чалинди, жамоада янги легионер кўрикдан ўтяпти"

Сўнгги пайтларда “Локомотив” клубига доир айрим саволларимиз тўпланиб қолганди. Сайтимизни кузатиб бораётган ўқувчи биладики, “Локо” айни пайтда бош мураббийсиз ёзги йиғинини ўтказяпти.

Кеча “темирйўлчилар” “Тожикистоннинг “Истиқлол” клубига қарши назорат учрашувини ўтказиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам қўшимча қилиш жоиз.

Бугун клуб бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов билан боғландик. Sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб бериш орқали айрим масалаларга ойдинлик киритди.  

- “Локомотив” клуби раҳбари сифатида жамоанинг иккинчи даврага тайёргарлигидан қанчалик қониқяпсиз? Боз устига “Локомотив” бош мураббийсиз шуғулланяпти...

- Йиғинимиз Тошкентда, ўзимизнинг базада ўтяпти. Бош мураббий уйига кетишидан аввал тайёргарлик дастурини тузиб кетган. Унинг дастури бўйича ишлаяпмиз. Секейра йиғинимизга қўшилиши керак эди, аммо Португалияда коронавирусга чалиниб қолди. Шунинг учун вақтида кела олмай қолди. Лекин жамоамизнинг ҳар бир машғулотини ва ўтказаётган ўртоқлик ўйинларимизнинг видеоларини унга юборяпмиз. Ҳаммасини бош мураббий назорат қилиб боряпти. Юқорида айтдим, унинг дастури бўйича ишлаяпмиз ва кўрсатмалари асосида ёрдамчи мураббийлар футболчиларни шуғуллантиряпти. Секейра ҳар бир машғулот съёмкаларини кўради ва кейин шунга қараб яна кўрсатмалар беради. Бу масалада муаммо йўқ, бош мураббий билан онлайн тарзда ишлаб турибмиз.

- Секейра қачон қўшилади, жамоага?

- Бир ҳафта, 10 кун ичида келади. У ерда карантинда ўтирибди, балки ойнинг охиригача келса ҳам керак.

акрамов1

- Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив”га ўтиши ҳам турли гап-сўзларни келтириб чиқарди. “Локо” уни “Андижон”дан сотиб олдими? Умуман, футболчи билан қандай келишувга эришдинглар?

- Жасур билан боғлиқ масалада ҳеч қанақа муаммо йўқ. Биз у билан расман шартнома имзоладик. Қолган нарсаларни Жалолиддиновни ўзидан сўрайсиз. У “Андижон” билан дўстона равишда хайрлашиб, уларнинг дуосини олиб келган. “Локомотив”га келишига қаршилик қилишмаган. Жасурга ҳужжатларини беришган ва шу тариқа биз билан тўлақонли равишда шартнома тузди.

- Қизиқ томони шундаки, Секейра матбуот анжуманида Жасур Жалолиддинов борасида бехабар эканини айтганди. Футболчини бош мураббий билан маслаҳатлашиб таклиф қилганмисизлар ёки...

- Мураббий европалик. Улар футболчи билан шартнома имзоланмагунча бу ҳақда гапиришни истамайдилар. Эътибор берсангиз, бошида биз Жалолиддинов билан шартнома туздик, деб эълон қилмаганмиз. Шунчаки, келишувга эришдик, деган маънода хабар берганмиз. Келишувга эришиш бошқа, расман шартнома имзолаш бошқа. Мана, кеча Жалолиддинов билан расман шартнома имзоладик. Бошида келишувга эришганимизни кўпчилик шартнома тузди деб ўйлаган. “Андижон” билан икки марта, Кубокда ва чемпионат доирасида майдонга тушдик. Ўша ўйинлардан кейин бош мураббий Жасурни ёқтириб, шу бола билан гаплашинглар деб айтган.

- “Локомотив” ҳали Жалолиддиновдан бошқа янги ўйинчини таркибга қўшиб олгани йўқ. Трансфер ойнаси очилган ва бундай пайтда клубнинг режаси қандай?

- Яхши ўйинчиларнинг ҳаммасини шартномалари бор. Бундай пайтда уларни трансфер қилиш ҳам қийин бўлади. Бизни ҳозирча кимнидир трансферини амалга ошириш ниятимиз йўқ. Таркиб масаласида бош мураббий билан гаплашганмиз. Уни ҳамма позициядаги ўйинчилар қониқтиряпти. Фақат ҳозир бизда “Оқтепа”да марказий ҳимояда ўйнаган Самуэль Опекс кўрикда бўлиб турибди. Уни машғулотларда ва ўртоқлик ўйинларида кўряпмиз. Мураббий бу легионерни тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилиб чиқяпти. У 22 ёшда экан. Агар мураббийларга маъқул келса, шартнома имзолаймиз.

акрамов2

- Демак, таркибда бошқа ўзгариш бўлмас экан-да?!

- Йўқ. Жароҳатдаги футболчиларимиз ҳам таркибга қайтяпти. Ҳаммаси жойида.

- Шунингдек, “Локомотив”ни “Навбаҳор” ҳимоячиси Игорь Голбанга жиддий қизиқиши ҳам бўлган экан...

- Йўқ, музокара олиб бормаганмиз. Фақат марказий ҳимояда бироз муаммоларимиз борлиги учун Голбаннинг номзоди шорт-листимизда бор эди. Аммо “Навбаҳор”нинг бу ўйинчини қўйиб юбориш имконияти жуда пастлиги сабабли биз бу вариантни кўриб чиқмадик. Агар шартномаси ҳеч бўлмаганда бу йил тугаётган бўлганида ҳам гаплашсак бўларди. Адашмасам, Голбанни клуби билан ҳали яна шартномаси бор.

- Ўтган вақт давомида бош мураббий масаласида қисман бўлса ҳам таассуротлар пайдо бўляпти. Шахсан ўзингиз Секейранинг шу кунгача олиб борган ишига қандай муносабат билдирасиз?

- Бош мураббий бўйича фикримиз яхши. Тўғри, натижага келганда, бир қатор ўйинларда ютқазиб қўйдик. Биз мураббийни ҳам тушуниб турибмиз, мослашиш жараёнини ўтказяпти. Барибир четдан келган мураббий биринчи йили натижа кўрсатиши қийинроқ бўлади. Масалан, Шота Арвеладзе келган пайтида ҳам уни мослашишига ва ўйлаганларини сингдиргунича икки йил вақт кетди. Футболчиларимиз Секейранинг нимани хоҳлаётганини энди-энди тушунишяпти. Ҳар доим биз 4-2-3-1 схемасида ўйнаганмиз. Секейра келиб бу тактикадан воз кечди. Бутун Европада бўлгани каби бизда ҳам учта ҳимоячи ўйнатяпти. Мана шу тактикани жамоага сингдиряпти. Айтмоқчиманки, ўйинчилар бош мураббийнинг тактик услубларини тушуниб боряпти. Бу борада янгиликлар кўп. Шунинг учун бошида футболчиларга бироз қийин бўлди. Бизда биласиз-ку, футболимизда аксарият жамоалар бир хил тактикада ўйнайди. Мана шу мослашиш жараёнидан ўтиб олса, ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман.

секейра2_1

- Мавсум якунида бош мураббийнинг тақдири клуб натижасига қараб белгиланадими ёки кейинги мавсумда ҳам ишлашда давом этадими?

- Буни гаплашамиз, бизни ҳам раҳбарларимиз бор. Мавсум тугаганидан сўнг, бу масалада маслаҳатлашамиз. Раҳбарият юқори мақсадларни қўйишга ўрганиб қолган. Мураббий масаласидаги қарорни ҳаммамиз ўйлаб, кейин қарор қилинади. Унгача мураббий қўлдан келганича ишлаб натижа кўрсатишга ҳаракат қилади. Плюс томонимиз бу йил жамоани анча ёшартириб олдик. Эътибор бераётган бўлсангиз, захирамизда ҳам асосан ўзимизни маҳаллий тарбияланувчиларимиз жой оляпти. Қишда жамоани янада ёшартирамиз.

- Раҳбарият “Локомотив”ни совринли ўринлардан жой олишини хоҳлаяпти. Вазиятга реал қарасак, жамоангизнинг имкониятини қандай баҳолаяпсиз?

- Ўзи мен реалистман. Клуб олдига кучли учталикка кириш ва Кубокни қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Чемпионлик вазифасини ҳеч ким бекор қилмаган. Бошқаларга қарамасдан ўзимизнинг ўйинларни ютадиган бўлсак, албатта 1- ва 2-ўринларга ҳам курашсак бўлади. Бошқалар очко йўқотмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бунинг устига ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Масалан, “Турон”ни ўзи кўплаб клубларга муаммолар туғдиряпти. Ютқазган ўйинларида ҳам муносиб қаршилик кўрсатган. Ёки “Қўқон-1912” ва “Қизилқум”ни ҳам тилга олиш мумкин. Кўряпсизми, ҳамма ўз мақсади сари курашяпти. Олдиндан бирор нима айтиш қийин. Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири Осиё Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритиш. Бунга чемпионат орқали эришамизми ёки Кубок орқалими, муҳими ўз ўйинларимизда ғалабалар қозонишимиз керак.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!