Томас Тухель «Челси»да ишни нимадан бошлаши керак?!

Томас Тухелни совуққон мураббийлар қаторига қўшиб бўлмайди. Мутахассис ўзининг сўнгги клуби – «Боруссия» ва ПСЖни жанжаллар сабабли тарк этган. Шунга қарамай, унинг футболни жуда яхши ҳис этишини қайд этиб ўтиш даркор. Ҳозирда «Челси» анча қийин аҳволда. Жамоа тўлиқ шаклланмаган, аниқ бир ўйин услуби йўқ, янги келганлар наф бермаяпти…

Хўш, Томас Лондондаги ишини нимадан бошлаши керак? Бугун шу саволга жавоб беришга уруниб кўрамиз.

Тимо Вернерни «уйғотиш» керак

Тимо сўнгги 16 ўйинда атиги 1 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. У ҳам кубок баҳсида «Моркамба» дарвозасига киритилган гол. Футболчи кубок учрашувида «Лутон»га қарши кечган ўйинда пенальтидан гол уришни уддалай олмади. Бундай босимдан сўнг, Вернер ўзини шимолий Лондонда адашиб қолган немисдек ҳис этмоқда.

Тинимсиз дарвоза тўсинларини нишонга олиш футболчини руҳан эзиб қўйгани бор гап. «РБ Лейпциг» сафида Тимо нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйди. Негадир, Лэмпард унинг устун томонларидан наф чиқара олмади. Балки, тажрибаси етишмагандир.

Унинг ўрнини эгаллаган Тухель эса, биринчи навбатда, Вернерга қандай даражадаги футболчи эканини эслатиб қўйиши шарт. Ҳужумчи асосан, катта тезликда рақибни доғда қолдиришга мослашган. Бундан Тухель фойдаланиши ва уни яна ўз кучига ишонишга мажбур қилиши лозим. Бу осон бўлмайди, аммо якунда улкан фойда келтириши мумкин.

tomas2

Кай Хаверцга «жой» топиш лозим

Тухель яна бир немис футболчисининг иқтидорини сақлаб қолиши даркор. «Стэмфорд Бридж»га кўчиб ўтгач, Кай ўзи учун ноқулай позицияларда ҳаракат қилишга мажбур қилинди. «Байер»да бутун жамоа унинг атрофида жамланган эди. Шу боис, қаҳрамонимиз ўзини сувдаги балиқдек эркин ҳис этар ва ортиқча муаммосиз сермаҳсул ўйин кўрсатар эди.

Энди Тухель 21-асрнинг энг ақлли футболчиси Кайга майдонда идеал позиция топиши лозим. Шундагина, клуб тарихидаги энг қиммат ярим ҳимоячи эффект бериши мумкин. Хаверц майдонда ўйинни бошқариши, ҳужумга темп қўшиши ва стандартларни ижро этиши мумкин. Бундан ташқари, ҳужумчи ортидаги «фантазиста» вазифасини ҳам аъло даражада бажара олади. Унинг устунликларидан унумли фойдаланилса, «Челси» тезда ўзига келади.

tomas3

Ярим ҳимояни тартибга келтириш

Сўнгги учрашувларда «аристократлар» ўйинига барқарорлик етишмаяпти. Жамоа соатига 300 км тезлик билан ҳаракат қилишга қодир машина, бироқ унинг бошқаруви тажрибасиз муррабийда эди. Энди "рулни" бошқа қўллар тутди.

Ярим ҳимоя – ҳар қандай жамоанинг ўзаги. Лондон жамоасида бу нуқтадаги футболчилар танлови кўнгилдагидек. Нголо Канте, Жоржиньо, Ковачич, Маунт, Хаверц, Гилмор Тухел танлаган исталган схемага мос келиши аниқ.

Тухель бу муаммо билан Парижда ҳам тўқнаш келган. У клубни қабул қилиб олганида, фақат Вераттигина 100 фоиз асосий таркиб футболчиси эди. Ҳозир Томас, биринчи навбатда, майдон марказини бошқарувчи асосий кучларни аниқлаб олиш лозим. Қолганларни эса, секин-аста ўйинни кучайтириш мақсадида майдонга тушириш мумкин.

Ҳужумда ҳам муаммо мавжуд

Рақобат жуда фойдали. Айниқса, спортда. Бироз бўш келсангиз, ўрнингизни бошқаси эгаллаб олади. Лондон клубида ҳам шу вазият ҳукмрон. Фрэнк Лэмпард жорий мавсумда асосий ҳужумчини аниқлаб олгани йўқ. Абрахам, Вернер ёки Жирудан бири биринчи рақамли “страйкер”га айланиши лозим. Мураббий бу футболчилардан қай бирини афзал кўриши эса, унинг ўйинга танланган схемасига боғлиқ. Абрахам ёки Вернердан бирини асосий планга олиб чиқиш керак. Мутахассис бу танловда адашмаслиги лозим. Сабаби, жуда кўп нарса сўнгги зарбани берувчи футболчига бориб тақалади.

tomas4

Ёшларга ишонч билдириш

«Челси» тушиб қолган аҳволга ҳавас қилиб бўлмайди. Жамоа тўлиқ ёшартирилган, аммо барқарорлик йўқ. Шу боис, Тухель етакчилар ёрдамига мурожаат этади. Канте ва Силва бунга тайёр. Ёшларни ҳам четга суриб ташламаслик муҳим. Мураббий етакчилар ва ёшларни жамоага жалб этишда олтин ўрталикни топиши керак.

Хадсон-Одои, Рис, Маунт, Пулишич, Хаверц, Гилмор «Челси»нинг эртаси. Умид қиламизки, Тухель бор эътиборини синовдан ўтган йигитларга қаратиш билан чекланмайди. Ахир унинг қўл остида бир нечта «олмослар» мавжуд. Уларга ишлов бериш орқали келажакда улкан муваффақият  қозониш мумкин. Қаҳрамонимизни олдинда осон бўлмаган, бироқ жуда қизиқарли саргузаштлар кутиб турибди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)