Томирида "Барса" қони оқаётган футболчилар
Жаҳон футболида ўз услубига эга бўлган жамоалар жуда кўп. Улар орасида “Барселона“ ажралиб туради.
“Барса” трансфер бозорида иложи борича ўз ўйин услубига тушадиган футболчиларни харид қилишга уринади. Бу эса янги футболчилар жамоага тез мослашиб кетишига ёрдам беради.
Бугун сиз билан “Барселона” ўйинига бемалол мослашиб кета оладиган, аммо жамоада тўп сурмаган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.
Давид Сильва
Футболчи 6 йил давомида “Барселона”га яқин жойда тўп сурди. “Валенсия”, “Эйбар” ва “Сельта”да тўп сурган Давид 2010 йил Англияга йўл олди. Ўйинни ўқий олиши, тўпни маҳорат билан узатиши орқали Давид Сильва бошқа ярим ҳимоячилардан ажралиб туради. Англияда у тўп узатиш бўйича энг юқори натижаларни қайд этди. Сильва ёзда Манчестерни тарк этади. Лекин афсуски, “Барселона“га келмайди. 34 ёшли футболчи энди шиддаткор футбол намойиш эта олмайди. Шундай экан, балки МЛСга йўл олиши мумкин.
Хаби Алонсо
Хаби Алонсо – 80 йилларда “Барселона“ таркибида тўп сурган Перико Алонсонинг фарзанди. Хаби Испаниянинг “Реал Сосьедад” жамоасида тўп сурди ва 23 ёшида “Ливерпуль”га ўтиб кетди. 5 йилдан сўнг Испанияга қайтди. “Барселона”га эмас, унинг азалий рақиби “Реал Мадрид” сафига келиб қўшилди. Мадридликлар футболчи учун 34,5 млн евро тўлади. Аммо Хаби Алонсонинг ўйин услуби “кўк-анорранглилар” услубига мос тушарди. Ўша пайтда таянч ярим ҳимояда “Барса” таркибида Серхио Бускетс порлаб чиқаётганди. Алонсо асосий таркибдан ўрин олиши қийин масала бўларди. Пеп Гвардиола барибир Хаби Алонсо билан 2014 йилдан 2016 йилга қадар “Бавария” сафида устоз-шогирд сифатида бирга ишлашди.
Микель Артета
“Ла Масия” тарбияланувчиси ҳисобланган Микель Артета асосий жамоада бирор маротаба ҳам майдонга тушмади. 2002 йилда каталонияликлар футболчини Британияга қўйиб юборди. Артетани “Рейнжерс” ўз сафига қўшиб олди. Ундан сўнг “Реал Сосьедад” ва “Эвертон” жамоаларида тўп сурган Микель, кейинчалик “Арсенал” сафида етакчилардан бирига айланди. Арсен Венгер футболчининг маҳоратига юксак баҳо берганди. У “Барселона” таркибига ҳам қўшилиб, бемалол ўйин услубига мослашиб кета оларди. Ҳар ҳолда “Барса” тарбияланувчиси. Афсуски, унга Каталония жамоасида тўп суриш насиб этмади.
Андреа Пирло
“Архитектор”нинг деярли бутун фаолияти Италияда ўтди. Жудаям ақлли ва техник жиҳатдан юқори даражага эга бўлган футболчи майдонда доимо бошқалардан ажралиб турарди. “Интер”, “Милан” ва “Ювентус”да тўп сурган футболчи “Барселона”га ҳам мослашиб кета олармиди? Бунга шак-шубҳа йўқ. Ишонамизки, Пирло-Хави-Иньеста триоси футбол тарихидаги энг кучли ярим ҳимоя учлигига айланиши ҳам мумкин эди.
Лука Модрич
Хорватиялик мухлислар таъбири билан айтганда “Бриллиант Лука” 2008 йилда Англияга келади. “Тоттенхэм” сафида 4 йилини ўтказган Модрич, “шпорлар”га “иккинчи даражали жамоа” комплексидан қутулишга ёрдам берди. 2012 йилда эса “Реал Мадрид” футболчини 35 млн еврога сотиб олади. Шундан бери Модрич тўрт марта Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди, Хорватия билан бирга 2018 йилги мундиалда финалгача борди. Айнан Лука Месси ва Роналду эрасини тугатиб, 2018 йилда “Олтин тўп”ни қўлга киритган эди. У “Барселона”га мос эдими? Шубҳасиз, Модрич “кўк-анорранглилар” сафида ўз ўрнига эга бўларди. Бекорга уни “Болқонлик Кройф” деб аташмаган.
Тони Кросс
Германиялик ярим ҳимоячи Пеп Гвардиола қўл остида тўп суришга муваффақ бўлди. “Бавария”далик вақтида Тони Гвардиола ҳақида ўз таассуротлари билан бўлишганди: “Пеп немис футболи ва шахсан мен учун асосий фигурага айланди. У ҳамманинг кўзини очди, фокусни нимага қаратиш кераклигини англатди. Унинг тактикаларида ярим ҳимоя чизиғи асосий ўрин эгаллайди.” Афсуски, “Барселона” ўйин услубига мос келувчи Тони Кросс Каталонияни эмас, Мадридни танлади.
Кевин Де Брюйне
Фаолиятининг илк йилларида Де Брюйнени нафақат “Барселона”, балки ўртамиёна жамоалар даражасига ҳам мос келмайдиган футболчи, деб ҳисоблашарди. Аммо у ўзининг меҳнатсеварлиги ва ортга қайтмаслиги билан бу фикрлар хато эканлигини исботлади. Ҳозирда эса Кевин “Манчестер Сити”нинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланган. Хави ва Иньестадан сўнг, уларнинг ўрнини айнан Кевин Де Брюйне босиши мумкин эди. Аммо “Барселона” бу футболчини сотиб олмади.
Фикрлар