Тўпурарлар дуэли. Месси Роналдунинг янги рекордини йўқ қила оладими?

А Сериянинг навбатдаги учрашувида Криштиану Роналду “Рома” дарвозасига иккита тўп киритиб, гол уриш бўйича тарихий рекорд ўрнатди.

“Бўрилар” дарвозасидан жой олган иккита аниқ зарба билан Роналдунинг миллий чемпионатлардаги голлари сони 450 тага етди. Кучли бешлик чемпионатлари тарихида ҳали ҳеч қайси футболчи бунча гол урмаган. Бу натижага эришиш учун португалиялик тўпурарга 554 та учрашув кифоя қилди.

Криштиану Роналдунинг “Ювентус”да А Серияда урган голлари 55 тани ташкил қилмоқда. Бунгача у “Реал” ҳужумчиси сифатида Ла Лигада 311 та ва “Манчестер Юнайтед” таркибида Англия премьер-лигасида 84 та тўп киритган.

Португалиялик юлдузнинг чемпионат ўйинларида бундан буён киритадиганар бир голи янги рекорд бўлиб қолаверади. Бироқ, унинг азалий рақобатчиси Лионель Месси яқинда бу кўрсаткич бўйича Роналдудан ўзиб кетиши мумкин. Айни пайтда аргентиналик тўпурар ҳисобидаги голлар сони 445 тага етган. Месси бу натижага эришиш учун 486 та учрашувда майдонга тушган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)