Тошкент CAFA ҳакамлар семинарига мезбонлик қилмоқда
«Кинг Плаза» меҳмонхонасида CAFA ҳакамлар семинари бошланди. Унда CAFAга аъзо мамлакатлардан 23 нафар ҳакамлар иштирок этмоқда. Эътиборли томони, 5 нафар ҳакамимиз — Фирдавс Норсафаров, Аскер Наджафалиев, Акобирхўжа Шукуруллаев, Эдита Миробидова ва Розиябону Юсупова ҳам ушбу семинарда билим ва кўникмаларини ошириб боришмоқда.
Семинарни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов очиб бериб, иштирокчиларга бугунги кунда футболга замонавий технологияларнинг кириб келиши ортидан футболнинг жадаллик билан ривожланиб бораётгани, мухлисларга янада сифатли футбол тақдим этиш имконияти ошиб бораётганини таъкидлади.
Табиийки, футболнинг янада жозибалироқ бўлишида ҳакамларнинг ўрни беқиёс бўлишига алоҳида урғу берилди. ФИФА ҳам ҳакамлик борасида катта янгиликларга қўл ураётгани бежиз эмаслиги таъкидланди. Шу сабабдан CAFA ҳакамликка жиддий эътибор бериб, унинг ривожланиши йўлида қатор ишлар амалга оширилаётгани билдирилди.
Семинар давомида ҳакамлар ўйин қоидалари юзасидан назарий тест ва видео тест топширишди. Шунингдек, ОФК инструкторлари томонидан ўйиндан ташқари ҳолат, тактик фоллар мавзуларида назарий машғулотлар ташкил этилди.
Қайд этиш керак, илмий-амалий машғулотларни ўз ичига олган мазкур семинар 29 январгача давом этиши режалаштирилган, - дейилади хабарда.
Фикрлар