Тошкент вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси ногиронлар куни муносабати билан тадбирлар ташкил этди
Ҳар йили 3 декабрда ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад, бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар соғлом инсонлар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Мамлакатимизда ҳам ногиронлиги бўлган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш ва ҳис қилдириш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилиб келинади.
Хусусан, 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси ҳам вилоят бўйича хайрли тадбирларни амалга оширди. Айнан мазкур бошқарма ташаббуси билан кеча 2 декабрь куни Халқаро ногиронларни кунига бағишлаб вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабларда тарбияланаётган ўқувчилар учун "Қувноқ стартлар" ўйинлари, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича ўзига хос қизиқарли спорт тадбирларини ташкил этишди ва якунда иштирокчи болаларга турли хил совғалар улашилди.
Жумладан, ушбу спорт тадбири Чирчиқ шаҳридаги 23-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтказилди. Чирчиқ спорт мактаби томонидан уюштирилган шахмат-шашка беллашувларида эса ўқувчилар бор маҳоратини намоён этишди. Тадбир сўнггида Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси томонидан ажратилган спорт кийимлари жамланмаси ўқувчиларга берилгани улар учун ажойиб совға бўлди.
Фикрлар