"Тоттенхэм" 1-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди!
Европа Лигаси J гуруҳи 6-туридан ўрин олган "Тоттенхэм" - "Антверпен" учрашуви ўз ниҳоясига етди. Учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Голларга Карлос Винисиус ва Жованни Ло Челсо муаллифлиқ қилишди.
Гуруҳ босқичи шу тариқа якун топди: "Тоттенхэм" 13 очко билан биринчи, "Антверпен" эса 12 очко билан 2-ўринни эгаллаган ҳолда кейинги босқичга йўл олишди.
- 90+4'
Учрашув якунланди. "Тоттенҳем" ўз уйида ишончли ғалабага эришиб, гуруҳ босқичини 1-ўрин билан якунлаб олди. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб борди. Эътиборингиз учун раҳмат!
- 90'
Бош ҳакам Хесус Хиль Мансано учрашув асосий вақтига жами тўхталишлар учун 3 дақиқа вақт қўшиб берди.
- 90'
Ҳарри Кейн 2 футболчини алдаб ўтиш эвазига дарвозабон билан деярли яккама-якка вазиятга чиқиб олганига қарамай, ундан фойдалана олмади! Ух, қандай вазият!!
- 88'
Давинсон Санчес қўполлиги учун сариқ карточка билан жазоланди.
- 87'
Сўнгги дақиқаларда шпорлардан тезкор штурмлар! Ўйин темпи сўнганича йўқ!
- 86'
Вазият қалтис. Бенавентенинг жароҳати уни бугунги ўйинни якунлашига тўсқинлик қилади. У майдонни тарк этди.
- 85'
Кристиан Бенавенте ("Антверпен") жароҳатлангандай таассурот уйғотмоқда. Шифокорлар майдонда.
- 84'
Симен Юклерод тўп учун курашда рақибини чиройли тарзда енгди, лекин тез фурсат ичида ўзи уни йўқотди.
- 83'
Шимолий Лондонликлар одатдагидай штурмлари билан рақибга хавф туғдиришда давом этмоқда.
- 81'
Давинсон Санчес қанотдан узатилган ажойиб кроссни боши билан дарвозага йўналтирди, бироқ тўп сал юқорилаб кетди.
- 77'
Ампома қўпол подкати учун испаниялик ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
- 73'
"Антверпен" ҳам сўнгги ўзгаришларини амалга ошириб бўлди: Мануэл Бенсон ва Абдулайе Сек майдонни тарк этди, уларнинг ўрнига Бирже Верстрет ва Кодзи Миёси майдонга тушди.
- 71'
ГООООООООООООООЛЛЛ!!! Жованни Ло Челсо ажойиб узатмани қабул қилиб олди ва дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетиб, ҳисобни ишончли кўринишга келтириб қўйди! 2-0!
- 69'
Жованни Ло Челсо узатиб берган бурчак тўпини Ҳарри Кейн боши билан чап бурчакка тўғирлаб юборди, дарвозабон эса ўз ўрнида!
- 69'
Майдон эгалари яна бир бурчак зарбасига эга бўлишди.
- 68'
"Тоттенҳем" 5-ўзгаришни ҳам амалга ошириб бўлди. Лукас Моура ўйинни энди захира ўриндиғида кузатиб ўтиради, Мусса Сиссоко эса майдонда ҳаракат қилади.
- 67'
Сон голга жуда яқин келди! Унинг берган кучли зарбаси сўнгги сониялардаги рикошет оқибатида йўналишини ўзгартириб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчакдан тўпни "Тақачилар" ўйинга киритиб беради.
- 65'
Тўпни шпорлар назорат қилмоқда. Устунлик ҳозирча уларда.
- 60'
Моуриньо яна 2 ўзгаришни амалга оширадиган бўлди: ҳозиргина гол урган Карлос Винисиус ва яхши ўйнаган Уинкс ўрнига Ҳарри Кейн ва Танги Ндомбеле майдонга тушди.
- 59'
"Антверпен"да ҳам 2 ўзгариш: Жордан Лукаку ва Мартин Хонгла ўрнига Симен Юклерод ва Франк Боя майдонга тушишди.
- 58'
Моуриньо жамоасида ўзгариш: Бейл майдонни тарк этиб, ўрнига Сон Хионг Мин ўйинни давом эттирадиган бўлди.
- 57'
ГОООООООООООООООООЛЛЛ!!! Карлос Винисиус қулайгина вазиятдан оқилона фойдаланиб ҳисобни очишга муваффақ бўлди! 1-0!
- 56'
Меҳмонлар футболчиси Абдулайе Сек рақибини футболкасидан тортиб ушлаб қолди, буни кўриб турган ҳакам эса ҳуштак чалиб, жарима зарбаси белгилади.
- 54'
Жарима зарбасидан сўнг бурчак тўпига эга чиққан "Антверпен" уни ҳам ноаниқ амалга оширди.
- 54'
Лукас Моура жуда қўпол фол ишлатди. Ҳакам ўйинни тўхтатишга мажбур бўлди.
- 51'
"Тақачилар" ҳимоячиси Метт Доэрти қанотдан рақиб жарима майдони ичига ажойиб кросс амалга оширди, бироқ ҳимоячилар тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишди.
- 48'
Лукас Моура жарима майдони ташқарисидан туриб кучли зарба беришга уриниб кўрди, бироқ унинг зарбаси блокланди.
- 46'
"Антверпен"да ҳам ўзгариш: Лиор Рафаэлов майдонни тарк этиб, ўрнига Нана Ампама тушди.
- 46'
"Тоттенҳем" таймни ўзгариш билан бошлаб олди. Серхио Регилон ўрнига майдонга Стивен Бергвейн тушди.
- 46'
2-таймга старт берилди.
- 45'
Футболчилар майдонга қайтишмоқда. Биз ҳам қайтамиз.
- 45+3'
Хесус Хиль Мансано ҳуштагини чалди ва футболчилар ечиниш хонасига йўл олишди. 1-тайм якунланди, танаффус.
- 45'
Учрашувнинг 1-бўлимига 2 дақиқа вақт қўшиб берилди.
- 45'
Мана бу ҳақиқий сейв! Карлос Винисиуснинг берган кучли зарбасини Бейронвард моҳирлик билан қайтариб қолди! Қойил!
- 43'
Тўп назорати шпорлар томонда. Ўйин бир маромга тушиб қолди, жамоалар ҳужумга ўтишга шайланишмоқда.
- 38'
Мануэл Бенсон рақибининг позицион ҳужумига қоида бузиш орқали халақит берди ва фол ишлатди. "Тоттенҳем" жарима зарбасига эга бўлди.
- 35'
Ух, қандай имконият!!! Жованни Ло Челсонинг жарима майдони ичидан туриб дарвозанинг тўққизлик бурчагига берган кучли зарбасини Алиризо Бейронвард қийинчилик билан қайтариб қолди! Суперсейв!
- 34'
Мануэл Бенсон ("Антверпен") ижро этган бурчак тўпига ҳеч ким эга чиқолмади ва рақиблар қарши ҳужумга ўтиб кетишди.
- 34'
"Антверпен" позицион ҳужум ташкил этмоқда. Лондонликлар ҳимояланмоқда.
- 32'
Рақиб ҳужумини эндигина бир амаллаб тўхтатишга эришган шпорлар яна бир бор ўша нуқтада қоида бузди ва жарима зарбасига сабаб бўлди. Қоидани бу сафар Регилон бузди.
- 31'
Лондонликлар сафида Карлос Винисиус ўз жарима майдони яқинида қўполлик ишлатди ва Хесус Хиль Мансано жарима зарбаси белгилади. Мехмонларда хавфли вазият юзага келиши мумкин.
- 28'
Метт Доэрти ҳужумда фол ишлатиб жамоасининг ҳужуми тўхтатилишига сабаб бўлди.
- 28'
Моура тўпни ҳаволатиб ичкарига узатиб берди, бироқ тўпга ҳеч ким ета олмади.
- 27'
Жованни Ло Челсо жарима зарбасини ижро этди. Тўп жонли деворга тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак зарбаси.
- 25'
Бельгияликларнинг бошқа бир футболчиси Абдулайе Сек рақибини чалиб йиқитгани учун огоҳлантириш олди. Учрашувдаги илк сариқ карточка.
- 23'
Меҳмонлар аъзоси Жереми Гелен ишлатган фоли учун ҳакамдан оғзаки огоҳлантириш олди. Кейинги фол учун у карточка билан "сийланиши", ҳакамнинг хатти-ҳаракатидан дарров сезилди.
- 23'
Карлос Винисиус ("Тоттенҳем") воқеалар ривожидан олдинлаб кетди: ён ҳакам байроғини кўтарди.
- 19'
Майдон марказида тўп учун жиддий кураш кечмоқда. Жамоалар тўп назоратига ҳаракат қилишмоқда ва ҳозирча буни Моуриньо шогирдлари кўпроқ ўхшатишмоқда.
- 18'
Ҳаммаси жойида: Тангангада жиддий жароҳат йўқ, у ўйинни давом эттиролади.
- 17'
"Тоттенҳем" футболчиси Яфет Танганга майдонда тиббий ёрдам олмоқда. Жароҳат қандай эканлиги ҳақида яқин дақиқалар ичида билиб оламиз.
- 16'
Лукас Моура узоқ масофадан зарба берди, бироқ тўп ҳимоячилардан бирига тегиб, йўналишини ўзгартирди.
- 14'
Жованни Ло Челсо рақибига нисбатан қўпол ўйин намойиш этди, учрашув арбитрлари эса хуштагини чалиб, жарима зарбаси белгилади.
- 11'
Тез ташкил қилинган ҳужум тез якунланди: Гарет Бейл ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.
- 10'
Мезбонлар қисқа паслар орқали тўпни назорат қилмоқда. Фурсат бўлиши биланоқ ҳужумга ўтишмоқчи.
- 9'
"Антверпен" футболчиси Мартин Онгла тўпга жуда қўпол тарзда чиқиб келди ва қоида бузди. Барчасини кўриб турган ҳакам хуштак чалиб, ўйинни тўхтатди.
- 6'
Гарет Бейл бурчакдан ҳаволатиб узатиб берилган тўпни бир сакраб дарвозага йўналтирди, бироқ тўп дарвозанинг ўнг устуни ёнгинасидан ўтиб кетди! Учрашувдаги илк росмана хавфли вазият!
- 6'
Шпорлар бурчак тўпи ишлаб олишди. Лукас Моура уни ижро этади.
- 4'
Лайнсмен байроғини кўтарди - "Антверпен" футболчиларида ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди.
- 1'
Учрашув ҳаками Хесус Хиль Мансано ҳуштагини чалди ва ўйинга старт берилди!
- 0'
Футболчилар "Тоттенҳем Ҳотспур" стадионига чиқиб келишмоқда. Европа Лигаси мадҳияси янгради.
- 0'
Ассалому алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари! Яқин дақиқалар ичида бошланувчи Европа Лигаси 6-туридан ўрин олган "Тоттенҳем" - "Антверпен" бахсини сиз билан биргаликда кузатиб борамиз. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб боради.
Фикрлар