ЦСКА Файзуллаевга нарх белгилади! Трансфер яқинми?

  • 25 апрель, 17:17
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
BEPUL PROPAN

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаевнинг Европага йўл олиши сўнгги икки йил ичида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланиб қолган.

Истеъдодли футболчимиз 2023 йилнинг августида “Пахтакор”дан Москванинг ЦСКА клубига кўчиб ўтганидан кейин унинг фаолияти кўпчиликнинг эътиборини торта бошлади.

Файзуллаев ёш бўлишига қарамай қисқа фурсатда “армиячилар”нинг етакчи футболчисига айланди, Россия Премьер-лигасининг ўтган мавсумдаги энг ёрқин кашфиёти сифатида махсус соврин билан ҳам тақдирланди.

Аббосбек Россия чемпионати ва мамлакат кубогидан ташқари, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги ва миллий терма жамоалари сафида халқаро майдонда муҳим учрашувларда ўзини кўрсата олди. Файзуллаев ўтган йили ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги ва ушбу мусобақанинг финалчиси сифатида Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилган ёзги Олимпия ўйинларида илк бор иштирок этган терма жамоамиз сафида тарихий учрашувларда тўп тепди.

2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга яқин турган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг саралаш мусобақасида ўз ўйини, голлари ва ассистлари билан муҳим фигурага айланиб қолди.

Файзуллаев 2023 йили Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди. 2024 йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси соврини билан тақдирланди.

Албатта, бу муваффақиятлар хориж клублари мутасаддилари, мураббийлар ва скаутлари назаридан четда қолгани йўқ. Хусусан, Аббосга “Парма”, “Монако”, “Бавария”, “Реал Сосьедад” каби клублар қизиқаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Энди жорий мавсум якунига яқинлашаётган паллада Файзуллаевнинг “топ-лигалар”га ўтиш имконияти ҳақидаги муҳокамалар яна долзарб аҳамият касб эта бошлади. Яқинда ўзбек футболчисини Испания ва Франция клублари кузатаётгани маълум бўлганди.

Таниқли инсайдер Иван Карпов Аббосбек Файзуллаевнинг фаолиятига оид инсайд хабар чиқарди. Манбага кўра, ЦСКА раҳбарияти ўзбек футболчиси бўйича таклиф тушадиган бўлса, уни кўриб чиқишга тайёр.

Маълумотларда айтилишича, “армиячилар” Файзуллаев трансфери бўйича 12 миллион евродан бошланган таклифларни қабул қилади. Параллел равишда ўзбек футболчиси билан шартномани янгилаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бироқ Аббоснинг ўзи Европага йўл олишга мойиллик билдирган.

Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАга кўчиб ўтиши “Пахтако” ғазнасига 500 минг евро келтирган. Ҳозир Файзуллаевнинг трансфер суммаси анча кўтарилган ва  Transfermarkt портали экспертлари томонидан 8 миллион еврога баҳоланмоқда.

Бу кўрсаткич бўйича 21 ёшли ҳужумкор футболчи 35 миллион еврога баҳоланаётган “Манчестер Сити” вакили Абдуқодир Ҳусановдан кейин Марказий Осиёда энг қимматбаҳо иккинчи ўйинчи ҳисобланади.

Файзуллаев ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери барча турнирларда 64 та учрашувда қатнашиб, саккизта гол ва 21 та ассист муаллифи бўлди. Шунингдек, Аббос халқаро майдонда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 25 та учрашувда рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилди.

Файзуллаев нега яхши ўйнолмаяпти?

Шомуродов Довбикни “синдирди”!

Файзуллаев “йўқолиб” қолди!

Шомуродов бир гол билан “Рома”нинг мавсум рекордини ўрнатди. Навбат тарихий рекордга!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!