Туризм ва спорт вазирининг янги ўринбосарлари расман вазифасига киришди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 февралдаги 110-сонли қарорига кўра, Шахрилло Шарипович Махмудов ва Абдулло Убайдуллоевич Аслонов Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирининг ўринбосарлари лавозимига тайинланган эди.

Бугун, 3 февраль куни вазирлик биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов янги ўринбосарларни жамоага таништирди ва уларнинг фаолиятига омад тилади.


Маълумот учун, Шахрилло Шарипович Махмудов 1970 йил 13 сентябрда Бухоро вилоятида туғилган. У 1992 йилда Бухоро давлат педагогика институтини “жисмоний тарбия ўқитувчиси” йўналишида тамомлаган. 2013 йилдан буён Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ш.Махмудов 2002 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, 2016 йилда “Мехнат шуҳрати” ордени ҳамда 2021 йилда “I даражали Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган.
Абдулло Убайдуллоевич Аслонов 1984 йил 8 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган. 2014 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институти магистратурасини тамомлаган.

2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!