Турки Аль аш-Шейх жиддий касал, промоутерлар уруш бошлади, Де Ла Хойя чўкаётган кемани биринчилардан бўлиб тарк этди
Турки Аль аш-Шейхнинг боксдаги таъсири сусаймоқда. Ҳусийлар мамлакат аэропортлари ва нефть инфратузилмасини вайрон қиляпти, Ҳормуз бўғозида эса кема қатнови қаттиқ чекланган (биласиз, Саудиянинг деярли барча нефти шу бўғоз орқали ўтади). Табиийки, бундай вазиятда ҳеч ким боксчиларга юз миллионлаб доллар тикмайди.
Ҳозирнинг ўзидаёқ саудияликлар фақат Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа каби потенциал фойдали жангларга сармоя киритаётганини кўришингиз мумкин. Уларнинг таъсири фақат "Zuffa Boxing" даги оммавий инвестиция фондлари (масалан, Sela) орқали қолмоқда.
Энг эътиборлиси, Турки Аль аш-Шейх жиддий касал!
У 10 йилдан ортиқ вақтдан бери онкология билан курашади. Аш-Шейх жиддий асоратлар билан 7 соатлик операцияни бошдан кечирди ва ҳозир унинг миясида катта ўсма бор, бу эса аллақачон унинг хотирасига таъсир қилмоқда. Яқинда Турки Фьюри ва Жошуа ўртасидаги матбуот анжуманида буни очиқчасига тан олди:
"Сўнгги 4 ойдан бери соғлиғим яхши эмас. Бир неча йилдан кейин ушбу лаҳзани эслай оламанми, йўқми, билмайман. Мен бу ерга фақат боксчилар учун келдим... Менда ушбу спортга доир истаклар рўйхати бор ва уни имкон қадар бажармоқчиман."
Яна бир интервьюсида Турки Аль аш-Шейх 2028-2029 йилларга келиб хотирасини йўқотиши мумкинлигини айтганди. Унинг бор-йўғи спорт функционери экани тушунарли, аммо кўплаб жанглар унинг шахсий иштиёқига боғлиқ эди. Туркининг аҳволини кўриб, промоутерлар ошкора уруш бошлади. Эдди Хирн Дана Уайт билан жанжаллашиб, уни жангчиларни танимасликда ва Саудия пулларини бошқаришни билмасликда айблади.
Оскар Де Ла Хойя эса янада чуқурлашиб, саудияликлар туфайли бокс бутунлай издан чиққанини айтди. Турки ўзини яхши ҳис қилиб, бир талай пул ташлаганида, Де Ла Хойя мамнун қиёфада унинг ёнида ўтирарди. Бироқ ҳозир... Айтганча, айнан Оскар ўз боксчиларини саудияликлар билан шартнома имзолаш учун биринчилардан бўлиб югурди. Энди у чўкаётган кемадан биринчилардан бўлиб қочмоқда.

Фикрлар